Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Қаттиқ маиший чиқинди полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича йўриқномани тасдиқлаш ҳақида”ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Йўриқномага кўра, қаттиқ маиший чиқинди полигонлари исталган катталикдаги аҳоли пунктлари учун ташкил этилиши мумкин. Ер участкаларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш харажатларини камайтириш мақсадида аҳоли пунктлари гуруҳлари учун марказлашган полигонларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ.

Полигон лойиҳа ҳужжатларига қуйидагилар киради:

атроф муҳитга таъсир кўрсатиш бўйича давлат экологик экспертиза хулосаси ва экологик нормативлар;

ер участкасининг полигон қурилиши учун яроқлилиги хусусидаги геология ва гидрогеология хулосаси;

ер участкасининг полигон қурилиши учун яроқлилиги хусусидаги санитария-эпидемиологик хулосаси;

полигон қурилиши учун лойиҳа-смета ҳужжатлари.

Полигонлар қурилиши учун мўлжалланган ер участкалари маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли қарорлари асосида ажратилади.

Полигонлар қурилиши учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва ўрмон фонди ерларига кирмайдиган ер участкалари ажратилади.

Ер ажратиш ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Полигонлар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ташқарисида жойлаштирилади.

Турар жойдан полигон чегарасигача бўлган масофа камида 500 метрни ташкил қилиши керак. Бунда санитария-муҳофаза зонасининг аниқ ўлчамлари газсимон ташламаларнинг миқдорини ҳисобга олган ҳолда аниқланади.

Полигонларнинг атроф муҳитнинг турли объектларига салбий таъсири даражасини аниқлаш ва энг кам таъсир кўрсатувчи ер участкасини танлаш учун бир неча ҳудудларни муқобил вариант сифатида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

Полигонларни сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналари, сифатли ер ости сувлари тўпланадиган манбалар теграси, курортларни муҳофаза қилиш зоналари, сувли қатламларнинг емирилиш жойлари, шунингдек, фуқароларнинг оммавий дам олиш ва соғломлаштириш масканлари ҳудудига жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.