Жамият | 19:58 / 04.10.2019
6021
2 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирлиги энг кўп танқид қилинадиган ташкилотга айланди – Мониторинг маркази

Бугун, 4 октябрь куни, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги мажлислар залида вазирлик, қўмита, ҳокимликлар ахборот хизматлари раҳбарлари иштирокида анжуман ташкил этилди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов ва директор ўринбосари Саида Мирзиёевалар раҳбарлигида ўтказилган тадбирда соҳадаги қатор оғриқли масалалар кўтарилди. Комил Алламжонов мониторинг марказининг ахборот хизматлари фаолияти бўйича тузилган рейтинг натижаларини эълон қилди.

“Агентлик қошидаги мониторинг маркази ҳар бир вазирлик, қўмита, уюшма ва бошқа давлат ташкилотлари фаолияти ҳақида ОАВда берилаётган ҳар бир танқидий материаллар ҳақида ахборот йиғади. Ўз навбатида, кўтарилган масалага тегишли ташкилотнинг муносабати ҳам ўрганилади. Жорий йил тўққиз ойлиги бўйича давлат органлари ҳақидаги танқидий материаллар сони рейтинги тузиб чиқилди. ОАВда берилаётган энг кўп негатив материаллар Халқ таълими вазирлигига қаратилган. Умумий ҳисобда 226 та (2007 тадан) материал бўйича биринчиликни эгаллаб турибди. Халқ таълими вазирлиги уларнинг атиги 41 тасига ўз муносабатини билдирган, холос. Бу муаммога сабаб халқни аниқ ва асосли маълумот билан таъминламасликдир. Вазирлик ахборот хизматининг рўмол, ҳижоб масаласидаги позицияси сезилмади. Ҳар қандай бўлаётган масалага тезкорлик билан изоҳ беришни ўрганиш керак”.

 Шунингдек, тадбирда айтилишича, барча ахборот хизматлари раҳбарлари ижтимоий тармоқларда ўз саҳифаларини юритишлари, юзага келган муҳим масалага расмий изоҳ бериш айнан шу майдонча орқали амалга оширилиши кераклиги айтилди. Яна бир муҳим масала – вазирликларнинг расмий телеграм каналларига верификация ёрлиғини олишда агентлик кўмак бериши айтилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид