Ўзбекистон | 21:52 / 05.10.2019
12670
4 дақиқада ўқилади

Туркий тилли давлатлар савдо-саноат раҳбарлари Тошкентда учрашди

Бугун, 5 октябрь куни Тошкент шаҳридаги International меҳмонхонасида Туркий тилли давлатлар Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо мамлакатлар вакиллари ҳамда кенгаш бош котиби иштирок этди. 

Йиғилишда Кенгашга аъзо мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, савдо-саноат ва тадбиркорлик соҳаларида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. 

Адҳам Икромов, Савдо-саноат палатаси раиси (Ўзбекистон):

─ Туркий кенгаш унга аъзо давлатлар ўртасида амалий ҳамкорликни, биринчи галда савдо, инвестиция, инновация, транспорт, туризм, маданий ва гуманитар алмашинув соҳаларини ривожлантиришга ёрдам берувчи самарали минтақавий тузилма ҳисобланади. Унга аъзо ҳар бир мамлакат ўз иқтисодиётини ривожлантиришдан манфаатдордир.

Боғдод Амреев, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши бош котиби:

─ Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши, либерал иқтисодиёт, ишбилармонлик ва сармоявий муҳитни яхшилаш борасида аниқ қадамлар амалга оширилмоқда. Буни жаҳон ҳамжамияти қизиқиш билан кузатиб турибди. Мамлакатнинг Туркий кенгашга аъзо бўлиши эса бу соҳадаги ислоҳотларнинг янада ижобий характерга эга бўлишига кўмаклашади.

Рифат Ҳисарчик ўғли, Турк савдо-саноат палатаси президенти (Туркия):

─ Бу кенгаш аъзолари аслида олтита алоҳида ўлкада яшаётган ягона миллатдир. Туркий кенгашга Ўзбекистоннинг қўшилиши Кенгаш учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам манфаатли. Ўзбекистон қўшилгандан сўнг Кенгашнинг умумий товар айланмаси 15 млрд долларга етиши кутилмоқда. 

Кенгаш аъзолари ҳамкорлик баробарида иқтисодиётдаги муаммоларга ечим ҳам излаши лозим. Иқтисодиётга аёллар ва ёшларни кўпроқ жалб қилиш, хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш даркор. Хусусий сектор иштирокисиз иқтисодиётни гуллатиб бўлмайди. 

Мамед Мусаев, Тадбиркорлар миллий конфедерацияси президенти (Озарбойжон):

─ Туркий тилли далвлатлар бир-бирига инвестиия киритишдан кучли манфаатдордир. Озарбойжон ўз қардош давлатлари билан иқтисодий ҳамкорликка доимо тайёр. Тошкентда бўлиб ўтаётган Инвестиция бизнес форумига ҳам катта қизиқиш билдирди. Аммо авиақатновдаги муаммолар туфайли қизиққан озарбайжонлик тадбиркорларнинг ҳаммасини олиб келиш имкони бўлмади. Шу боис Ўзбекистон ҳукуматига Тошкент-Боку йўналишидаги рейсларни кўпайтиришни тавсия қилган бўлардим.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон савдо-саноат палатасининг Туркий савдо палатаси аъзолигига кириши масаласи муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, 14-15 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган Кенгашнинг еттинчи саммити доирасида Турк савдо палатаси аъзоларининг йиғилишида тегишли кўп томонлама меморандум имзоланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон 14 сентябрь куни 2009 йил 3 октябрда имзоланган Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилди. Жорий йилнинг 15 октбярь санасида ташкилотнинг Боку шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган еттинчи саммитида тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирок этиши кутилмоқда.

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши турк дунёси мамлакатлари мулоқоти ва ҳамкорлигини ривожлантириш учун ташкил этилган халқаро платформа ҳисобланади. Ҳозиргача кенгашга бешта давлат ─ Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон аъзо бўлган. Венгрия кенгашда кузатувчи давлат мақомида иштирок этади. Шунингдек, Туркманистон ҳам кенгашга кузатувчи давлат сифатида киришни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид