Октябрь ойи охиригача қандай об-ҳаво кутиляпти?
Сентябрь кириб келиши билан биз куз келганини ҳис қилдик. Республика ҳудудига бир неча марта салқин ҳаво кириб келиши натижасида кузнинг илк кунлариданоқ салқин тушиб, ёмғир ёғди, шамол кучайди.
«Ўзгидромет»нинг ёзишича, айниқса 9 сентябрь куни совуқ тушгани билинди. Шу куни ҳаво ҳарорати 13-18 даража атрофида бўлгани қайд этилди, бу сентябрь ойи учун хос бўлган ўртача кўп йиллик қийматлардан 2-4 даражага пастдир. Сентябрь ойининг биринчи ярмида Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Наманган вилоятларида ёққан ёмғир 5-16 мм., тоғли ва тоғолди туманларда ёққан ёмғир 25-35 мм.га етди.
Сентябрь ойининг иккинчи ярмида олтин куз учун хос бўлган илиқ ва қуруқ об-ҳаво кузатилди. Ҳарорат фони 25-30 даражадан 30-35 даражагача ўзгариб турди. Бу кўрсаткич меъёрдан 2-4 даражага юқори. Ёмғир фақат 30 сентябрь куни Тошкент, Самарқанд, Жиззах ва Сирдарё ҳамда Фарғона водийси вилоятларида ёғиб ўтди.
Қайд этилишича, бир ой олдиндан прогнозлар кўпроқ иқлимий тавсифга эга — кунма-кун об-ҳавонинг қандай бўлишини аниқ прогнозлашнинг имконияти йўқ. Нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳон амалиётида ҳам об-ҳаво маълумотларини тайёрлашда 6 кунлик прогнозлар ишончли ҳисобланади.
«Ўзгидромет» мутахассисларининг дунёнинг етакчи об-ҳаво марказлари маълумотларига таяниб берган баҳоларига кўра, бу йилги октябрь ойи ҳарорати ўртача кўп йиллик кўрсаткичлар атрофида ёки ундан 1-2 даражага паст бўлиши мумкин.
Ҳозир давом этаётган биринчи ўн кунликда ҳарорат кечаси 8-13 даража илиқ, кундузи 20-25 даража илиқ. Ойнинг иккинчи ярми ва охиригача ҳарорат бир оз пасайиб кечаси 7-12 даража илиқдан 2-7 даража илиққача, кундузи эса 20-25 даража илиқдан 12-17 даража илиққача ўзгаради.
Ёғинлар бўйича ҳам октябр ойи меъёрларга яқин бўлиши, айрим жойларда эса ўртача кўрсаткичлардан юқори бўлиши мумкин. Республиканинг шимолий ҳудудлари — Қорақалпоғистон, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ҳамда Қашқадарё ва Сурхондарёда 2-10 мм.гача, қолган жойларда 15-30 мм., республиканинг тоғ ва тоғолди туманларида 44-74 мм.гача ёғингарчилик бўлиши мумкин. Кузатувлар даври мобайнида бундан ҳам кўп ёмғир ёғган октябрь ойлари бўлган. Умуман олганда, ёмғирли кунлар сони ўртача 5-7 кун, Бухоро ва Навоийда 2-4 кунни ташкил қилиши мумкин. Масалан, Тошкентда 1951 йилда октябрь ойида 18 кун ёмғирли бўлган.
Мавзуга оид
15:45 / 11.11.2024
Ҳафта ўрталарида Ўзбекистонда кечаси ҳаво ҳарорати нолдан пастга тушади
12:21 / 11.11.2024
12 ноябр куни ҳарорат 19 даражагача кўтарилади
14:31 / 09.11.2024
Келгуси ҳафта бошида кутилаётган об-ҳаво маълум қилинди
11:18 / 09.11.2024