Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жазирама ортидан салқинлик?
Республикага кириб келадиган нисбатан салқин об-ҳаво жазирама кунлар билан ўрин алмашади. Ушбу салқинлик қишлоқ хўжалиги учун қулай шароит яратиши кутилмоқда. Бироқ шамоллар, тоғларда ёғадиган жала ва баланд яйловлардаги салқинлик боғбонлар ва чорвадорлардан эҳтиёткорликни талаб этади.
Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таништиради.
Жорий ҳафта қишлоқ хўжалиги учун нисбатан қулай бўлиши кутилмоқда. Сешанбадан бошлаб ҳудудларнинг катта қисмида ҳарорат пасайиб, экинлардаги стресс бироз юмшайди. Ғўза, сабзавот-полиз ва боғдорчилик экинларининг кундузги физиологик фаолияти учун нисбатан қулай шароит юзага келади ҳамда суғоришдан кейинги намликнинг сақланиш муддати бироз узайиши мумкин.
Бироқ ҳафта бошида кузатилиши кутилаётган кучли шамоллар айрим ҳудудларда тупроқнинг тез қуриши, ёш кўчатлар шикастланиши ҳамда чанг кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис деҳқонлар имкони борича кимёвий ишловни ва барг орқали озиқлантириш тадбирларини шамолли кунларга мўлжалламасликлари керак бўлади.
Тоғ ва тоғолди ҳудудларда эса ҳафта давомида қисқа муддатли жала кузатилиши мумкин. Айрим жойларда сел хавфи юзага келиши эҳтимоли мавжуд бўлгани боис, тоғ ёнбағирларидаги экин майдонларида, боғлар ва инфратузилма объектларида эҳтиёткорлик чораларини кучайтириш мақсадга мувофиқдир.
Чорвадорлар учун
Ҳафта ўртасидан бошлаб баланд тоғли яйловларда ҳаво ҳарорати сезиларли пасайиб, тун ва эрталабки соатлар сезиларли салқин бўлиши, айрим жойларда ҳатто совуқ тушиши мумкин. Шу боис чўпонлар ёмғир ва шамолдан ҳимоя қилувчи кийим-бошларини, вақтинчалик бошпаналарини тайёр тутишлари ҳамда ёш қўзичоқларни совуқдан асраш чораларини олдиндан кўришлари тавсия этилади. Шунингдек, момақалдироқли ёғинлар вақтида молларни тоғ чўққилари ва очиқ баландликларда узоқ ушлаб турмаслик мақсадга мувофиқдир.
Ҳафтанинг иккинчи ярмида шаклланадиган нисбатан салқин об-ҳаво ёзнинг аввалги ҳафталарида кузатилган кучли иссиқлик таъсирини маълум даражада юмшатиб, қишлоқ хўжалиги ишларини бажариш учун анча қулай шароит яратиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
08:49
Ўзгидромет: июл ойида Ўзбекистонда кучли иссиқлар кутилмоқда
20:01 / 22.06.2026
Қурғоқчил ҳаво: жазирама ҳафта фермерлар учун қандай хавфлар туғдиради?
09:15 / 22.06.2026
NASA: Эл-Нино кучаймоқда, 2026 йилда об-ҳаво рекордлари эҳтимоли ортди
19:05 / 15.06.2026