Руҳий касаллар билан қандай муомала қилиш керак?
10 октябрь ─ жаҳон руҳий саломатлик куни. 1948 йилда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таркибида жаҳон психологик саломатлик федерацияси ташкил этилган бўлиб, у бутун дунё аҳолиси ўртасида психологик ва ҳиссий касалликлардан профилактика тарғиботини олиб бориш билан шуғулланади. 1992 йилдан бери жаҳон миқёсида ўтказиб келинадиган руҳий саломатлик куни ҳам жамиятни психологик хасталиклар, уларнинг келиб чиқиши ва профилактикаси тўғрисида хабардор қилишни мақсад қилади.
Руҳий (психологик) саломатлик нима?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан руҳий саломатлик ҳолатининг аниқ илмий портрети яратилган. Руҳий саломатлиги жойида бўлган шахс ўз салоҳияти (жисмоний ва ақлий имкониятлари)дан тўлақонли фойдалана олиши, кундалик енгил стрессларни енгиб ўта олиши, маҳсулдор иш тарзини олиб боришга қодир бўлиши, жамият учун фойдали бўла олиши лозим. Шу хусусиятларга эга бўлган шахсларнинг руҳий саломатлиги барқарор ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, психологик хасталикларнинг аксарияти 14 ёшгача бўлган даврда бошланади. Афсуски, кўпгина ҳолларда хасталикнинг бошланиш даври ўз вақтида аниқланмайди. Керакли ташхис ва шу билан боғлиқ равишда муолажа ҳам кечикади. Натижада руҳий хасталикнинг умрбод давом этиши эҳтимоли ортади.
Статистикага кўра, Ер сайёраси аҳолисининг ҳар бешинчиси қайсидир кўринишидаги руҳий хасталикдан азият чекади. Ҳар иккинчи одамда эса хасталик билан умри давомида дуч келиш эҳтимоли бор. Шу боис, руҳий беқарорлик ҳолати, уни бартараф этиш, руҳий хасталар билан мулоқот қила олиш ҳақида тушунчага эга бўлиш лозим.
Психологик хасталик деганда фақатгина ўзини ғайритабиий тутувчи шизофрениклар, ақлий имконияти чекланган «даунчилар» ва ёки ижтимоий нофаол аутистларгина тушунилмайди. Деярли ҳар биримиз учун яхши таниш бўлган депрессия ҳам руҳий хасталик саналади. БССТнинг илмий прогнозларига кўра, 2020 йилга келиб, депрессия шахснинг меҳнатга лаёқатлигини чеклаб қўювчи касаллик бўйича биринчи ўринга кўтарилади. Айни дамда дунё бўйича 300 миллион атрофидаги киши депрессиядан азият чекмоқда.
Қандли диабет, саратон, юрак-қон томир касалликлари, ОИВ каби жиддий асоратларга олиб келадиган хасталикларнинг негизида асаб ва руҳиятдаги бузилишлар ётади. Бутун дунё ҳамжамияти изчил кураш олиб бораётган суицид ҳам депрессия асосида ривожланади. Суицидларнинг 5 фоизи айнан тушкун кайфият таъсирида амалга оширилади. Шу боис депрессияга бефарқ бўлмаслик, унга қарши керакли чораларни қўллай олиш лозим.
Депрессиядан қутулиш учун...
Сиз ўзингизда депрессия жараёни кечаётганини билмаслигингиз, аҳамият қаратмаслигингиз мумкин. Депрессия кайфиятнинг йўқлиги, атроф ва воқеаларга пессимистик ёндашув, ҳаётдан завқланиш ҳисси йўқлиги, диққат тарқоқлиги, сал нарсага ҳам қизишиб кетиш, уйқучанлик ёки уйқусизлик, бефарқлик, доимий ҳолсизлик, иштаҳанинг йўқлиги ёки кўп ейиш каби белгилар билан кечади. Депрессиядан мустақил тарзда қутулиш учун руҳшунослар бир қанча тавсияларни беришади.
Эски гиналарни унутинг. Ўтмишдаги ҳар қандай хафагарчилик, гинахонлик, кек сақлаш кабиларни юрагингиздан илдизи билан суғуриб ташланг. Улар бугунги кундан лаззатланиш ва келажак ҳақида режалар тузишда энг катта тўсиқдир.
Жисмонан фаол бўлинг. Бунинг учун фитнес залга чиқиш шарт эмас. Йога, медитация, нафас машқлари, енгил бадантарбия ҳаракатларини интернетдан кўриб ҳам бажариш мумкин. Ёки кечки пайт сайрга чиқишнинг ўзи ҳам кайфиятни кўтаришга ёрдам беради.
Негатив ҳиссиётларни чиқариб ташланг. Бокс қопини, ҳеч бўлмаганда, ёстиқни мазза қилиб муштлаш, кимсасиз жойга чиқиб, хумордан чиққунча бақириш кўнгилда тўпланиб қолган ғашликни тарқатишга кўмаклашади. «Уй кўтариш», хонадаги кераксиз нарсаларни ташлаб юбориш ҳам бунинг учун яхши усул.
Ижтимоий фаол бўлинг. Ўзингиз учун ёқимли бўлган инсонлар билан бирга вақтингизни самарали ўтказишга ҳаракат қилинг. Хонада қамалиб ўтириб депрессияни енга олмайсиз.
Ҳобби ўйлаб топинг. Ҳар қандай инсон учун шуғулланиш ёқимли бўлган машғулот бўлади. Расм чизиш, ўйинчоқлар ясаш, тўқиш... исталган кўринишдаги ҳобби тушкун кайфиятни четлаб ўтишга ёрдамлашади.
Энг муҳими, ўзингизда беқарорлик ҳолатини кузатганингизда руҳшунос хизматидан фойдаланишга уялманг.
Психолог хизмати нима учун зарур?
Психолог шифокор эмас. Психолог қабулига бориш сизни «жинни»га чиқармайди. Руҳшуносга фақатгина носоғлом одамлар боради, деган фикрдан халос бўлиш лозим.
Руҳшунос инсон психологияси ҳақида олий гуманитар таълимга эга бўлган шахс. Деярли барча муаммоларни бошланғич босқичда руҳшунос билан биргина суҳбат орқали ҳал қилиш мумкин. Депрессия ва жисмоний муаммоларни келтириб чиқарадиган оилавий муаммолар, ишдаги ғалвалар, қўрқув каби муаммоларни ҳал қилиш, ички мувозанати тиклашда психолог ёрдам беради. Мени эшитиб, маслаҳат берадиган дўстларим турганда пул сарфлаб руҳшуносга бораманми, деб ўйлайдиганлар бўлиши мумкин. Руҳшунос инсон психологияси ҳақида профессионал даражада билимга эга бўлади. Сўзларни тўғри қўллай олиш, масаланинг ўйланмаган томонидан ёндашиш, инсон ўзи билмаган, лекин унга азоб бераётган омилларни аниқлай олиш кўникмасига эга бўлади.
Руҳий хасталар билан қандай мулоқотда бўлиш керак?
Руҳиятида жиддий беқарорлик бўлган шахс ўзининг ва суҳбатдошининг гап-сўзлари, хатти-ҳаракатларини таҳлил қила олиш қобилиятига эга бўлмайди. «Мен ҳақман, атрофдагилар мени тушунмаяпти» деган ўй уларни тарк этмайди. Шу боис руҳий мувозанати бузилган шахслар билан мулоқотда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади.
Агрессиядан узоқлашинг. Бемор агрессив ҳаракатлар, сўзларни қўллай бошлаганда сиз ҳам қизишиб, худди шундай муомалага ўтманг. Шунчаки баҳслашманг. Бундай пайтда унинг ҳақлигини тасдиқлаб, ёлғиз қолдириш керак.
Унга касал эканлигини уқтириш керак эмас. Руҳий муаммоси мавжуд бўлган одамга унинг касаллигини уқтириш фойдасиз, у буни барибир инкор этади. Суҳбатдошингизнинг руҳий муаммоси борлигини ўзингиз билсангиз ва шунга кўра иш тутсангиз бўлгани, унинг ўзига уни таъкидлаш жазава ҳолатига олиб келиши мумкин.
Ачиниш кўзи билан қараманг. Руҳий хаста одамларга меҳрибонлик, ғамхўрлик, эътибор муҳим. Аммо бу ғайритабиий чиқмаслиги керак. Бемор ўзига нисбатан ачинишаётганини ҳис қилса, мулоқотни мутлақо тўхтатиши, жазавага тушиши, керакли муолажаларни рад этиши мумкин. У билан тенг ҳуқуқли шахс сифатида муомала қилинг.
Саодат Абдураҳмонова
Мавзуга оид
08:59 / 02.11.2023
Ота-онасини тинглашни хоҳламайдиган бола билан қандай мулоқот қилиш керак – психолог тавсиялари
07:44 / 08.07.2023
Кўп тармоқли марказий поликлиникаларда тиббий психолог штати жорий қилинади
07:47 / 20.06.2023
Поликлиникаларда тиббий психолог штати жорий этилади
12:56 / 15.04.2023