Нега болалар ота-оналарини эшитмайдилар?
- Ота-оналар фарзандининг ҳамма нарсани бирданига бажаришини хоҳлашади. Лекин бу мумкин эмас. Ҳатто катталар ҳам бунга доимо амал қила олишмайди. Бундай пайтда ота-оналар тарафидан йўл қўйиладиган энг катта хато дарҳол бақиришни бошлашдир. Боланинг руҳияти баланд овозга бардош бера олмайди ва бу ҳолат доимий бўлса, у ўзини ҳимоя қилишга интилади.
- Болалар ота-оналари улардан нимани хоҳлашларини тушунмайдилар. Гарчи улар фаол ва пассив сўз бойлигини ривожлантирсалар ҳам, мия фақат бир бўғинли жумлаларни қайта ишлай олади. Масалан, “Менга бир пиёла сув олиб келгин. Уни столга қўйиб қўй”. Бола сувни олиб келиши мумкин, аммо уни столга эмас, қўлингизга тутқазади. Сабаби кўп ҳолатларда катталар мураккаб жумлалардан фойдаланишади.

- “Зинадан эҳтиёт бўлиб туш. Ўтган сафар йиқилиб, оёғинг оғриганлиги эсингда бўлса керак?“ Буларнинг барчаси баланд овозда талаффуз қилинади. Бу пайтда бола атайин ота-онасига қулоқ солмаяпти деб ўйлаш хато, аксинча, боланинг мияси бу маълумотни физиологик сабабларга кўра қайта ишлай олмайди.
- Бола ҳам ўз “иши” билан банд. Ҳа, болаларнинг ҳам ўз юмушлари бор: ўйнаш, бирор нарса томоша қилиш. Уларнинг эътибори ота-оналари истаган нарсага эмас, балки ўзи қизиққан жиҳатга қаратилади.
- Агар катталар бирор иш буюрса ва боланинг ҳаракатланишини кутмасдан, буни ўзи бажарса, бола буни қилиш керак эмаслигини тушунади. “Онам сўрайди, сўрайди ва охири буни ўзи бажаради”, деган тушунча шаклланади.
Бола сизни тинглаши учун нима қилиш керак?
· Кўз кўзга тушиб турсин. Фарзандингизга бирор нарса айтганда, сиз у билан бир хил даражада туришингиз керак. Агар бу кичик ёшдаги бола бўлса, унда тиззалаб олинг. Агар бу ўсмир бўлса, унда сиз уни диванга ўтирғизинг ва ёнига ўтиришга ҳаракат қилинг. Шундагина сиз улар билан бир хил даражада бўласиз. Бу эътиборни бевосита айтилажак хабарга қаратишга ёрдам беради. Вояга этган бола ўз эътиборини мустақил равишда суҳбатга қаратиши мумкин, аммо кичик бола катталарнинг ёрдамига муҳтож. Ота-оналарнинг вазифаси биринчи навбатда унинг эътиборини жалб қилиш ва шундан кейингина бирор нарсани айтишдир.

- Етти марта айтинг. Катталарнинг хотиржам ва меҳрибон гапириши жуда муҳимдир. Агар сиз бирор тақиқ ҳақида гапирадиган бўлсангиз, унда қаттиқ гапиришингиз керак, лекин бақириш ярамайди. Акс ҳолда норозилик реакцияси кузатилади. Болаларга мурожаат қилишнинг қоидаси бор: унинг эшитиши ва бажариши учун етти марта такрорлаш керак. Бу етти ёшгача бўлган болаларга тегишли.
















