Жиддага парвозлар сони икки марта оширилиши мўлжалланмоқда
Бугун, 11 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Транспорт вазирлиги раҳбар ва масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбир давомида темир йўл ва ҳаво транспорти соҳаларида амалга оширилган ишлар бўйича ҳам маълумотлар берилди.
2019 йилнинг 9 ойлик натижаларига кўра, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан юклар жўнатиш ҳажми 68,95 млн тоннани ташкил этди. Юк айланмаси ҳажми эса 15,4 млрд тонна-километрни ташкил этди. Шунингдек, 16,4 млн нафар йўловчи ўз манзилларига етказилди.
Темирйўл транспорти хўжалигини ривожланиши ва темирйўл транспортида йўловчилар ташуви ҳажмининг ошиши натижасида «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ йўловчи вагонлари паркини янгилашни режалаштирмоқда. Жорий йилнинг охирига қадар жами 50та йўловчи вагонлари тайёрланиб, эксплуатацияга топширилиши кутилмоқда. Тошкент йўловчи вагонларини таъмирлаш ва уларга хизмат кўрсатиш заводи 2025 йилгача 300та янги йўловчиларни ташишга мўлжалланган вагонларни эксплуатацияга топширишни режалаштирмоқда. Бу орқали «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ нинг йўловчи поезд вагонларининг 70-80 фоизи янгиланади.
Ўзбекистон ва Германия авиация ҳукуматлари ўртасида Мюнхен шаҳрини «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК томонидан «Тошкент-Мюнхен-Тошкент» йўналишида доимий парвозларни амалга ошириш манзили сифатида белгилаш бўйича келишувга эришилди. Мазкур йўналишда мунтазам авиақатновларни 2020 йилнинг 1 апрель санасидан бошлаш режалаштирилган.
Греция ва Қатар авиация ҳукуматлари билан ҳамкорликда ҳаво қатнови тўғрисидаги тегишли битмларни имзолаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Миллий ва хорижий авиакомпанияларни жалб этган ҳолда Хитой Халқ Республикасининг Санья, Сиань, Иу, Шанхай ва Гуанжоу шаҳарларига рейсларни йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистон ва Канада ўртасида авиақатновларни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.
Шунингдек, «Тошкент-Жидда-Тошкент» йўналишида мунтазам парвозлар сонини ҳафтасига 7тадан 14тага қадар ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу эса ўз навбатида «Умра+» дастури доирасида Жануби-шарқий Осиё мамлакатларидан Ўзбекистонга қўшимча хорижий сайёҳлар оқимини жалб этиш имконини беради.
Kun.uz мухбирининг «Ўзбекистонда такси тизимига оид ислоҳотлар ва пулли йўллар бўйича ишлар қандай босқичда?» деган саволига автомобиль ва дарё транспортини ривожлантириш департаменти бошлиғи Руслан Рўзиметов шундай жавоб берди: «Такси тизимини тартибга солиш бўйиш, легаллаштиришни енгиллаштириш бўйича ўз таклифларимизни ишлаб чиқдик, икки ойдан ортиқ турли вазирликлар хулосаларини олдик, қатор баҳс-мунозаралар бўлди. Ва ниҳоят, махсус қарор тайёрладик ва Адлия вазирлигига киритдик. Кейинги босқичда Вазирлар Маҳкамасига киритилади. Таъкидлаш жоизки, бу қарорда кўп жиҳатлар инобатга олинган. Жумладан, асосий иши бошқа бўлган, ҳафтанинг айрим кунларида, ёки куннинг қайсидир соатларида кира қилиш билан шуғулланадиган ҳайдовчилар учун ҳам имкониятлар яратилган. Кўпчилик ҳозирги кунда янгилик бўлган Yandex тизими тақиқланади, деган фикрларни билдираяпти, аммо ундай бўлмайди, ҳаммаси қонунчиликка мувофиқлаштирилади. Қисқа муддат ишловчи таксичилар ўзлари учун қулай операторлардан бирини танлаб олишади, улар учун ҳам қисқа муддатли солиқ тизими яратилади».
Мавзуга оид
21:47 / 18.10.2024
Тирбандлик, трамвай лойиҳаси, ҳайдовчиларга жазо ва темирйўлларда сифат – транспорт вазири билан интервю
13:44 / 09.04.2024
Ҳайит кунида жамоат транспорти бутун республикада бепул бўлмайди – Транспорт вазирлиги
15:08 / 13.02.2024
Ўзбекистонда аёлларга автобус ва юк машиналарини ҳайдашга рухсат берилди
12:25 / 08.02.2024