Ўзбекистон | 14:44 / 11.10.2019
36694
3 дақиқада ўқилади

Марказий банк расмийси хусусий валютафурушларга рухсат берилмаслиги сабабини тушунтирди

Бобур Абубакиров / Фото: Kun.uz

Ўзбекистон ҳудудида чет эл валютаси билан олди-сотди қилиш ҳуқуқи фақатгина Ўзбекистон Республикаси банкларига берилган. Мазкур норма бугун Сенат тасдиғидан ўтган янги таҳрирдаги «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддасида белгилаб қўйилган.

Қонун юзасидан муҳокамаларда сенатор Гулчеҳра Рихсиева юқоридаги модда юзасидан Марказий банк раҳбариятига савол билан мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Гулчеҳра Рихсиева / Фото: Сенат ахборот хизмати

«Кўплаб давлатларда валюта олди-сотдисини [банклардан ташқари] хусусий айирбошлаш шохобчалари ҳам амалга оширади. Бизда эса айрим фуқаролар бу фаолият билан шуғулланиб, жавобгар бўлиб қолиши ҳолатлари ҳам кузатилади. Мана шу фаолиятни ҳам қонунийлаштириш вақти етмадимикан?

Фуқаролар солиқ тўлаб, тегишли рухсатни олган ҳолда хусусий айирбошлаш шохобчаларида валюта олди-сотдиси билан шуғулланишлари масаласига қандай қарайсиз? Ёки бундай фаолият тури ҳозиргача йўқлигига қандайдир бошқа сабаблар борми?» – деб савол билан юзланди Тошкент давлат шарқшунослик институти ректори.

Саволга Марказий банк раиси ўринбосари Бобур Абубакиров жавоб берди.

Бобур Абубакиров / Фото: Kun.uz

«Қонунимизни ишлаб чиқиш жараёнида бошидан бу масала жуда ҳам кўплаб марта кўтарилган. Бу бўйича Марказий банк томонидан алоҳида хорижий тажриба ўрганилди.

Хорижий тажрибага кўра, айрим давлатлар, мисол учун Россия Федерацияси ва қўшни Тожикистонда мазкур амалиёт жорий қилинган эди. Ва бу амалиёт ўзини оқламаган. Яъни хусусий секторга валюта айирбошлаш операциялари бўйича ҳуқуқ берилиши улар томонидан мазкур ваколатнинг суиистеъмол қилинишига олиб келган. Жумладан, қалбаки валюта сотилиши, нореал курслар қўйилиши, асосланмаган ҳолда нореал катта миқдорда комиссия тўловлари ундирилиши кузатилган ва албатта, охирига келиб бундан аҳоли азият чеккан.

Бундан ташқари, мазкур амалиётнинг тижорат банклари орқали амалга оширилишинг асосий сабабларидан бири – жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашишдир. Ҳозирги кунда халқаро тажрибага асосланган ҳолда валюта олди-сотди амалиётлари фақатгина тижорат банклари орқали амалга оширилиши мақсадга мувофиқ, деб топилган», – дея Бобур Абубакировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид