Ўзбекистон | 11:47 / 11.10.2019
18269
4 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» Тошкентда ҳаво ифлосланиши кўрсаткичлари ҳақида маълумот берди

Фото: shutterstock.com/ Lukas Bischoff

«Ўзгидромет» Тошкент шаҳри ҳавоси кўрсаткичлари, атмосфера ҳавоси ифлосланиши тўғрисида маълумот эълон қилди.

Қайд этилишича, республикада атмосфера ҳавосининг зарарли моддалар билан ифлосланиши устидан кузатувлар 25 та шаҳарда 63 стационар пунктда олиб борилади. Кузатув нуқталаридан олинган маълумотлар республика бўйича умуман атмосфера ҳавосининг ўртача ифлосланиш даражаси тўғрисида хулоса қилишга имкон беради.

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси кузатувлари шаҳарнинг 8 та туманида жойлашган 13 та кузатув пунктида амалга оширилади. Шаҳар хусусиятларини эътиборга олиб ҳаво ифлосланиши тўғрисида маълумотга эга бўлиш мақсадида бу пунктлар турли функционал зоналарда, яъни тураржой, саноат, автомобиль йўллари олдида жойлашган.

Атмосфера ҳавоси ифлосланиши чанг, олтингугурт диоксиди, азот диоксиди, азот оксиди, карбонат ангидрид, фенол, фторли водород, аммиак, формалдегид, оғир металлар кўрсаткичлари бўйича аниқланади. Бунинг учун кузатув постларида якшанбадан ташқари ҳар куни соат 7:00, 13:00, 19:00 да ҳаво намуналари олинади.

Ҳаводаги асосий ифлослантирувчи моддалар — чанг, углерод оксиди, азот диоксиди, олтингугурт диоксиди ва аммиакдир. Уларнинг ўртача йиллик концентрациялари айрим ойларда рухсат этилган меъёрлардан ортиб кетади.

Атмосфера ҳавоси ифлосланиш даражасининг интеграл кўрсаткичи — бу атмосферанинг ифлосланиш индексидир (АИИ). У энг кўп миқдорда мавжуд бўлган 5 та модда бўйича ҳисобланади. Атмосферанинг ифлосланиш индекси кузатувлар олиб борилаётган муайян аҳоли пунктларидаги атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини баҳолаш учун қулай санитар-гигиеник кўрсаткич ҳисобланади.

20 йил ичида Тошкент шаҳри учун ифлосланиш даражаси ўзгаришлари кўриб чиқилсак, 1990 йилларга нисбатан охирги 10 йил ичида умуман олганда Тошкент бўйича ифлосланиш даражаси пасайгани кўринади.

1992 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда Тошкент шаҳрида Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавоси ифлосланиши динамикаси (АИИ)

АИИ — атмосферанинг ифлосланиш индексидир. Агар атмосферанинг 5 та модда билан умумий ифлосланиш индекси 14 дан ошса, ҳавонинг ифлосланиш даражаси жуда юқори, агар 14>ИЗА>7 бўлса — юқори, 7>ИЗА>5 бўлса — ошган, ИЗА <5 бўлса — паст ҳисобланади.

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси стационар ва кўчма манбалардан ажралиб чиқадиган зарарли моддалар миқдорига боғлиқ. Ҳавога зарарли моддалар чиқарадиган асосий манбалар автотранспорт, саноат корхоналари, қозонхоналар, металлургия корхоналаридир.

Стационар пунктлар жойлашган Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида азот диоксиди, углерод оксиди, Яшнобод туманида чанг, углерод оксиди, азот оксиди, Мирзо Улуғбек туманида кўпроқ чанг, азот ва углерод диоксидлари, Чилонзорда азот диоксиди, Миробод туманида фенол, азот диоксиди, Сергелида формалдегид ва азот диоксиди бир марталик максимал миқдори рухсат этилган меъёрлардан юқорилиги қайд этилади.

Атмосферада зарарли моддаларнинг тўпланишида шунингдек табиий-иқлимий шароитларнинг (тез-тез кузатиб туриладиган инверсия жараёнлари, атмосферадаги шамолсизлик) ва табиий хусусиятларнинг (қуруқ иқлим, гилли тупроқ ва бош.) ҳам ўрни бор.

Мавзуга оид