Ўзбекистон | 10:49 / 12.10.2019
4245
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда грантлардан самарали фойдаланиш тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш механизмларини ва донорлар билан ишлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

Қуйидагилар грантлардан самарали фойдаланиш комплекс тизимини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:

грантлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш ва натижадорлигини баҳолаш, аниқ соҳаларнинг ихтисослашувини ҳисобга олган ҳолда ушбу секторлардаги тартиб-таомилларни уйғунлаштириш ва саъй-ҳаракатларни бирлаштириш масалалари юзасидан донорлар билан доимий мулоқотнинг барқарор платформасини шакллантириш;

иқтисодиётнинг устувор тармоқлари ва ижтимоий соҳага грантларни жалб этиш бўйича мавжуд имкониятлар ва ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиш, донорлик салоҳиятига эга бўлган хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзаро яқин алоқалар ўрнатиш;

тегишли иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантиришда жалб этилаётган грантларнинг мамлакат манфаатлари ва миллий устуворликлар билан уйғунлигини таъминлаш;

грантларни жалб этиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил қилиш учун давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ҳамда мансабдор шахсларининг шахсий масъулиятини ошириш, грантлардан мақсадсиз фойдаланишнинг олдини олиш бўйича давлат молия назорати органларининг профилактика ишларини кучайтириш;

грантлар ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларнинг муддатларига риоя қилиш ва кутилаётган амалий натижаларга эришиш устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишда парламентнинг ҳамда фуқаролик жамияти институтлари ролини, шунингдек, фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш;

жалб этилаётган грантларни мувофиқлаштириш бўйича ягона ахборот тизимини ташкил қилиш, ташқи беғараз кўмак йўналишларини ва қўлланиш соҳаларини таҳлил қилиш усулларини автоматлаштирган ҳолда, ушбу лойиҳаларни электрон ҳисобга олиш ва ҳисобини юритиш учун шарт-шароитлар яратиш.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги грантлар ҳисобидан молиялаштириш таклиф этилаётган лойиҳа ташаббусларини ишлаб чиқиш, дастлабки саралаш ва келишиш жараёнларини мувофиқлаштириш, ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини ҳисобга олиш ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилишни таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг донорлар билан ҳамкорлигини ривожлантириш ва самарадорлигини ошириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Белгиланишича:

давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари бир лойиҳа бўйича қиймати 100 минг АҚШ доллари ва ундан кўпроқ бўлган грантларни Вазирлик томонидан ишлаб чиқиладиган ва тасдиқланадиган ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб этиш ва донорлар билан ҳамкорлик қилиш дастурларига киритган ҳолда жалб этади;

Дастурлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш давлат дастурларини, 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги Миллий мақсадлар ва вазифаларни, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция дастурларини, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларини, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини ҳисобга олган ҳолда Вазирлик томонидан шакллантирилади;

Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг хориждаги муассасалари билан биргаликда ташқи беғараз кўмак лойиҳаларини амалга ошириш учун салоҳиятли хорижий донорларни жалб этишда Вазирлик, лойиҳа ташаббускорлари, тармоқлар ва ҳудудларга ёрдам беради;

лойиҳа ташаббускорлари ўзларига тааллуқли қисмида ташқи беғараз кўмак лойиҳаларининг ўз вақтида ишлаб чиқилиши, уларнинг Дастурларга киритилиши учун тақдим этилиши, лойиҳа ҳужжатлари сифатли тайёрланиши, шунингдек, грантлар тўлиқ ҳажмда ва ўз вақтида ўзлаштирилиши учун барча тадбирларнинг сўзсиз ва сифатли бажарилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳар йили Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда лойиҳа ташаббускорлари томонидан грантларни жалб этиш тўғрисидаги битимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ харажатларни (мажбурий тўловларни тўлаш, рухсатнома берувчи тартиб-таомиллардан ўтиш, товарларни ташиш, кузатиш ва сақлаш, ускуналарни монтаж қилиш, созлаш, йиғиш, ўрнатиш ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа харажатлар) қоплаш учун маблағларни назарда тутади ва уларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги грантлардан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади ҳамда мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилиш юзасидан тизимли чораларни кўради.

Мавзуга оид