23 ёшли Муниса бугун АҚШдаги Johns Hopkins университетида халқаро муносабатлар ва сиёсий иқтисод йўналишида таҳсил олмоқда. Яқинда у дунёнинг биринчи рақамли олийгоҳи – MIT’га докторантура босқичига тўлиқ молиявий қоплаш асосида қабул қилинди. Муниса Марказий Осиёдаги демократлашув, аҳолининг қариши, гендер сиёсати ва геосиёсий қарамлик мавзулари бўйича изланишлар олиб бормоқда. Kun.uz мухбири билан суҳбатда у халқаро академик муҳитга мослашиш тажрибаси ҳамда тадқиқотлари ҳақида гапириб берди.

Муниса Жуманова Тошкент шаҳрида зиёлилар оиласида туғилиб вояга етган. Отаси ҳарбий тизимда хизмат қилган, онаси эса ҳозирда олийгоҳда таҳсилни давом эттирмоқда. Оилада уч фарзанд улғайган ва таълим масаласи доим устувор бўлган.

Унинг айтишича, болаликдан уйда интизом кучли сақланган. Кундалик тартиб, ўқишга муносабат ва вақтни бошқариш асосий тамойиллардан бири ҳисобланган.

Бизда эркинликдан кўра тартиб ва масъулият кўпроқ эди. Ўша пайтда бу қийин туюларди. Дадам ҳарбий бўлгани учун уйда интизом жуда кучли бўларди. Болалигимда баъзан нега бошқаларникидек эркин эмаслигимиз ҳақида ўйлардим. Лекин вақт ўтиб тушундимки, бу назоратнинг асосида ишончсизлик эмас, масъулият ҳисси ётган экан. Ота-онам бизга доим бир нарсани сингдирарди: агар имконият берилган бўлса, унинг ортида катта меҳнат туради ва бунга жиддий қараш керак. Масалан, репетиторга борсак, албатта, натижа сўраларди. Ҳар бир имкониятдан максимал фойдаланишимизни хоҳлашарди. Менимча, айнан шу тарбия кейинчалик мустақил ишлаш, вақтни бошқариш ва узоқ муддатли мақсадлар учун сабр қилишни ўргатган”, – дейди Муниса.

У Тошкентдаги 49-мактабда таҳсил олган. Мактаб давридаёқ инглиз тили, математика ва ҳуқуқ фанлари бўйича олимпиадаларда қатнашиб, мустақил ўқиш ва тадқиқотга қизиқа бошлаган. Мунисанинг айтишича, хориждаги университетларга қизиқиш ҳам айнан шу даврда шаклланган.

Инглиз тилидаги китобларда университетлар ҳақида маълумотларни кўрардим. Ўша пайтда бошқа давлатларда ҳам ўқиш мумкинлиги ҳақида ўйлай бошлаганман. Аввалига бу жуда мураккаб, деярли етиб бўлмайдиган нарса бўлиб туюларди. Лекин вақт ўтиб, турли давлатларда таълим олаётган талабалар, уларнинг тажрибалари, илмий муҳит ҳақидаги маълумотлар билан танишдим ва агар улар буни уддалаган бўлса, нега мен ҳам уриниб кўрмаслигим керак, деган фикр пайдо бўлди. Ўша пайтдан бошлаб бу мен учун орзу эмас, аста-секин аниқ мақсадга айлана бошлади”, – дейди у.