Сўров натижаси: Меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларнинг 1,2 фоизигина муаммоларга дуч келмайди
Меҳрибонлик уйини тамомлаган 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган 233 нафар ёшлар иштирокида сўров ўтказилди. Сўровда ёшлар мустақил ҳаётга қадам қўйгандан сўнг дуч келадиган асосий муаммоларни санаб ўтишди. Натижага кўра, сўровда иштирок этганларнинг 81,1 фоизи (189 нафари) турар жой, 30,4 фоизи (71 нафари) ишга жойлашиш, 11,1 фоизи (26 нафари) оила қуриш масаласида қийинчиликка дуч келган. Ёшларнинг атиги 1,2 фоизи (3 нафар) меҳрибонлик уйини тамомлагандан кейин ҳеч қандай муаммога дуч келмаганлигини таъкидлаган. Бу ҳақида Сенатнинг 23-ялпи мажлисида ота-оналар қаровисиз қолган ва меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви масаласини муҳокама қилиш чоғида маълум қилинди.
Сенатор Рўзи Саидовнинг қайд этишича, Олий Мажлис Сенатининг тегишли қўмиталари, Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти томонидан ўтказилган таҳлиллар ота-оналар қаровисиз қолган, меҳрибонлик уйида тарбияланган болаларнинг ижтимоий ҳаётга мослашувида қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Ҳудудларда меҳрибонлик уйини тамомлаган ёшларни санитария талабларига жавоб бермайдиган турар жойларга жойлаштириш ҳоллари аниқланган.
Меҳрибонлик уйларида тарбияланган ёшлар (233 нафар) иштирокида ўтказилган сўров натижалари қуйидагиларни кўрсатади:— Респондентларнинг 44,1 фоизи (102 нафари) ишсиз бўлиб, аксарияти ўрта-махсус таълим тизимини тугатгандан кейин ўз мутахассислиги бўйича иш тополмаган, уларнинг бор-йўғи 5,6 фоизи (13 нафари) давлат тасарруфидаги тузилмаларда ишлайди. Меҳрибонлик уйи битирувчилари ўртасидаги ишсизликнинг юқори кўрсаткичлари Наманган (80 фоиз), Қашқадарё (78,9 фоиз), Бухоро (72,7 фоиз), Фарғона (62 фоиз), Тошкент (58,8 фоиз) ва Сурхондарё (50 фоиз) вилоятларига тўғри келади.
— Меҳрибонлик уйида тарбияланганларнинг 38,2 фоизи (88 нафари) ўз турмушидан мамнун эмас. Сўров иштирокчилари ўз жавобларида бунга сабаб қилиб турли омилларни кўрсатишган. Хусусан, 34,4 фоиз — давлат томонидан ижтимоий ҳимоянинг етарли эмаслиги, 22,3 фоиз — айрим раҳбарларнинг ўз ишига масъулиятсизлиги, 21,3 фоиз — меҳрибонлик уйидаги сифатсиз таълим-тарбия, 11,1 фоиз — жамоатчиликнинг салбий муносабати ва эътиборсизлиги.
Респондентларнинг 71,2 фоизи (166 нафари) фикрига кўра, шахсий турар жойнинг йўқлиги мазкур тоифадаги ёшларнинг энг асосий муаммоси бўлиб қолмоқда. Шунингдек, 27,4 фоиз (64 нафари) ёшлар ишга киришда кўплаб қийинчиликлар юзага келаётганини қайд этган.
Ёшларнинг 77,1 фоизи (162 нафари) давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан иш ва уй-жой топиш масаласида қўллаб-қувватлашнинг йўқлигини таъкидлаган. Респондентларнинг 66 фоизи (150 нафари) ҳеч қайси давлат, жамоат ташкилоти улар билан мунтазам алоқанинг йўқлигини билдирган. Хусусан, маҳалла, Хотин-қизлар қўмиталари, бандликка кўмаклашиш марказлари, “Оила” маркази каби ташкилотларнинг мазкур йўналишдаги фаолияти ёшлар томонидан умуман эътироф этилмаган.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Сенати ота-оналар қаровисиз қолган ва меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви бўйича муаммоларни ҳал қилиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига Парламент сўрови юборишни маъқуллади. Парламент сўровида меҳрибонлик уйларида таълим-тарбия сифатини кўтариш, меҳрибонлик уйида тарбияланган ёшларни уй-жой ва иш билан таъминлаш, ушбу тоифадаги ёшлар истиқомат қиладиган ҳамда маҳаллий ҳокимликлар балансида турган ётоқхоналардаги шарт-шароитларни яхшилаш каби масалаларни назарда тутади.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024