Иқтисодиёт | 11:15 / 14.10.2019
4420
3 дақиқада ўқилади

ДСҚ: фаолият юритмаётган 72 мингта корхона бор. Йил бошида улар сони 90 мингдан ортиқ эди

Бугун, 14 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адлия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда «Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони ижроси юзасидан маълумот берилди.

ДСҚ раиси ўринбосари Фазлиддин Умаровнинг маълум қилишича, бугунги кунда фаолият юритмаётган 72 мингта корхона бор. Йил бошида уларнинг сони 90 мингдан ортиқ эди. Бу тадбиркорлик субъектларидан 10 мингтаси 10 йилдан ортиқ вақт ишламай турибди.

Берилган маълумотларга сўнгги 20 йилда амалда бўлган тартибга мувофиқ, битта корхонани тугатишга 17та ҳужжатни тўплаш, 6та орган ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб, бу жараён учун камида 83 кун вақт талаб этилар эди.

Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 июндаги «Тадбиркорлик субъектларни тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5739-сонли Фармони билан 2020 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектларини тугатишнинг соддалаштирилган иккита тури жорий этилди.

Хусусан, Президент Фармонига асосан тадбиркорлик субъектларини тугатишнинг биринчи турида, 9 ой мобайнида ҳисоб рақамига пул тушмаса, корхоналар фаолият кўрсатмаётган статусга ўтказилади.

Ундан кейинги қадам, бошқа ривожланган мамлакатлардаги каби солиқ органининг тақдимномасига асосан рўйхатдан ўтказувчи орган фаолият юритмаётган субъектларни уч йил муддатга ҳаракатсиз («спящий режим») режимга ўтказади.

Бу муддатда фаолиятини тикламаса, автоматик равишда Ягона давлат реестридан чиқарилиши белгилаб қўйилди.

Тугатишнинг иккинчи тури – бу тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш.

Амалдаги тартиб бўйича корхонанинг тугатувчиси томонидан бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар беришга мажбур.

Энди эса корхона тугатилаётгани тўғрисидаги маълумотларни рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ўзининг расмий сайтига жойлаштиради.

Давлат рўйхатидан ўтган вақтдан, фаолият юритмаган ва табиийки солиқ қарзи бўлмаса, якуний текшириш ўтказилмайди.

Фаолият кўрсатган корхоналарни ҳам тугатиш учун текшириш даврига охирги 3 йиллик олинадиган бўлди, ҳозирги кунда бу давр 5 йилни ташкил этади.

Тугатиш жараёнинг умумий муддати, тўққиз ойдан олти ойга қисқартирилди.

Мазкур фармон ва қарорларнинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тугатиш жараёнларининг тартиб ва таомилларини янада соддалаштириш, шаффофлигини ошириш орқали коррупция билан боғлиқ омилларнинг олди олинишига хизмат қилади.

Мавзуга оид