Шамоллар шаҳри Боку ҳақида қизиқарли маълумотлар
14-15 октябрь кунлари Туркий тилли давлатлар кенгашининг 7-саммити Боку шаҳрида бўлиб ўтади. Фурсатдан фойдаланиб, Озарбойжон ва унинг пойтахти ҳақидаги қизиқарли фактлар билан ўртоқлашамиз.
Озарбойжон – Яқин Шарқдаги, Кавказортидаги кичик давлат. Айрим географлар уни Шарқий Европадаги мамлакат деб ҳисоблашади. Бу борада ҳали ҳам баҳслар олиб борилади.
Пойтахт Боку – кўп миллатли шаҳар. Бу ерда Нью-Йорк ёки Бангкок каби шаҳарларда бўлгани каби 70га яқин миллат ва элатлар вакиллари истиқомат қилади.
Боку кўчалари бўйлаб Лондон кэбларидан нусха олинган бир неча минглаб таксилар ҳаракатланади. Улар бу ерда «бақлажон такси» деб аталади.
Меҳмондўстлик – пойтахт Боку ва умуман Озарбайжонга хос бўлган жиҳат. Меҳмон ташриф буюрганида бошқа ишлар четга суриб қўйилади. Буларнинг бари – меҳмоннинг кўнглини олиш учун қилинади.
Боку – Кавказдаги энг йирик шаҳар, шунингдек, Каспий денгизи қирғоғидаги энг йирик порт.
Дунёдаги илк замонавий нефть қудуғи айнан шу ерда қазилган.
Нобель мукофоти мавжудлиги сабабларидан бири Боку шаҳридир. Чунки мукофот таъсисчиси Альфред Нобель маҳаллий нефть сабабли катта бойлик орттирган.
Деярли ҳар куни бу ерда кучли шамол эсади, шунинг учун ҳам Бокуни баъзида шамоллар шаҳри деб аташади.
Бокуда Монако, Доминикана, Кувайт ва Фиджи каби мамлакатларга қараганда кўпроқ (2,3 млн) одам яшайди.
Совет иттифоқи даврида айнан Бокуда СССР ҳудудидаги илк цирк очилган.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида совет армияси ва флоти учун фойдаланиладиган жами нефтнинг 85 фоизи айнан Бокуда қазиб олинган.
Боку метрополитени 1967 йилда ишга туширилган. Узунлиги Тошкент метроси билан деярли тенг – ҳар иккала метрополитен ҳам учтадан йўналишни ўз ичига олган ва 36 км масофага чўзилган.
Машҳур «Бриллиант қўл» фильмининг айрим саҳналари Бокуда суратга олинган.
Озарбайжон пойтахтидаги замонавий диққатга сазовор жойлардан бири – шаҳар марказига яқин ердаги 235 метрли учта осмонўпар бинолардан иборат мажмуадир.
Боку яқинида Мазасир кўли жойлашган. Унинг суви пуштирангда. Сув таркибида саноат мақсадларида фойдаланиш мумкин бўлган тузнинг катта захиралари мавжуд.
Қорабоғ зотли от Озарбойжоннинг фахри саналади. У чидамлилиги, тезкорлиги ва юқори интеллекти билан ажралиб туради. Қизиқарли жиҳати шундаки, отнинг бу зоти фақат шу ерда олинади.
Озарбойжон пул бирлиги (манат) кўринишидан еврога жуда ўхшаш.
2014 йилда Бокуда Гилам музейи очилган. Музей биноси ўраб қўйилган гилам кўринишида ишланган.
Човгон – Озарбойжондаги анъанавий спорт тури саналади. Ушбу жамоавий ўйин замонавий от полосининг аввалги кўриниши ҳисобланади.
Мавзуга оид
20:10 / 12.11.2024
Зироат Мирзиёева Бокуда ёшларнинг иқлимга оид ташаббусларини кенг қўллаб-қувватлашга чақирди
12:50 / 22.07.2024
Боку: Россиядан газнинг Украина орқали кейинги транзити давом этиши мумкин
08:41 / 11.12.2023
Боку шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилди
16:00 / 18.11.2023