Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистоннинг Картахена протоколига қўшилиши қандай имкониятлар беради?
Ўзбекистон Евроиттифоқнинг “GSP+” преференциялари бош тизимига қўшилиш ҳисобига маҳаллий маҳсулотнинг экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириши мумкин. Бу мамлакатнинг Картахена протоколига қўшилиши туфайли амалга ошади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг биологик хилма-хиллик ҳақидаги конвенциянинг биохавфсизлик бўйича Картахена протоколига қўшилиш тўғрисида (Монреаль, 2000 йил 29 январь)”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилиб, маъқулланган эди. 15 октябрь куни ушбу ҳужжат имзоланиб, матбуотда эълон қилинди.
Олий Мажлис Сенати аъзоси Раҳматулла Назаровнинг ёзишича, мазкур Қонун атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўйича вазифаларни инобатга олган ҳолда, генетик модификацияланган организмлар ва улардан қайта ишланган маҳсулотлардан фойдаланиш масаласини қонуний тартибга солиш учун муҳим қадам бўлиб, унинг имкониятларидан максимал фойдаланиш ва инсон саломатлиги ҳамда атроф муҳитга таҳдидни минимал даражага тушириш имкониятини яратади.
Биологик хилма-хиллик ҳақидаги конвенциянинг биохавфсизлик бўйича Картахена протоколининг мақсади замонавий биотехнологияни қўллаш натижаси бўлган ва биологик хилма-хилликнинг сақланиши ҳамда ундан барқарор фойдаланилишига номақбул таъсир кўрсатиши мумкин бўлган тирик ўзгартирилган организмларни хавфсиз етказиб бериш, унга ишлов бериш ва фойдаланиш соҳасида инсон соғлиғи учун хатарларни инобатга олган ҳолда, чегаралараро олиб ўтилишига алоҳида эътибор қаратган ҳолда лозим бўлган даражадаги муҳофазани таъминлашдан иборат.
Қонун давлат учун бир қатор муҳим афзаллик ва имконият беради. Биотехнология ривожланиши ва генетик модификацияланган организмлардан фойдаланиш билан боғлиқ экологик ҳолатни яхшилаш, аҳоли саломатлигига, атроф муҳитга, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф қилиш имконияти шулар жумласидан. Шунингдек, мамлакатимиз ривожланаётган ва ўтиш даври иқтисодиётига эга бўлган давлатларга протоколни тўлақонли қўллаш ва унинг жараёнларида иштирок этишни таъминлашга қаратилган ёрдам доирасида мазкур ҳужжатда кўзда тутилган муайян молиявий ресурслар ва технологиялардан фойдаланиши мумкин бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Европа Иттифоқининг “GSP+” деб аталмиш преференцияларининг бош тизимига қўшилиш ҳисобига маҳаллий маҳсулотнинг экспорт ҳажмини ва географиясини кенгайтириши мумкин.
Шу ҳисобдан, мазкур ҳужжат келгусида Ўзбекистоннинг 6200 дан ортиқ маҳсулот турида Европа Иттифоқи мамлакатлари билан бож тўловларисиз эркин савдо қилиш имкониятини яратади, шунингдек, макроиқтисодий прогнозларга кўра истиқболда мамлакат экспорт ҳажмини қарийб 3 бараварга, яъни 1,3 млрд. АҚШ долларигача ошириш имконини беради.