Ўзбекистон | 10:44 / 07.12.2019
1540
3 дақиқада ўқилади

Биохавфсизлик миллий мувофиқлаштирувчи маркази фаолияти ташкил этилади

Биохавфсизлик миллий мувофиқлаштирувчи маркази фаолияти ташкил этилади ва биологик хилма-хиллик конвенциясининг Картахена протоколи қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган тегишли қарори лойиҳасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Геномика ва биоинформатика марказига Биохавфсизлик миллий мувофиқлаштириш маркази вазифалари юклатилади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялари марказига озиқ-овқат хом ашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларида, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда озуқа ва уруғларда генетик модификацияланган организмларни (ГМО) аниқлаш бўйича референс-лаборатория вазифаси юклатилади.

Референс-лабораторияси ГМОни аниқлаш бўйича лаборатория натижалари мунозарали ҳолат бўлганда “учинчи томон” сифатида қатнашиши белгилаб қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Биологик хилма-хиллик ҳақидаги Конвенциянинг биохавфсизлик бўйича Картахена протоколи Котибиятига йил якуни бўйича Марказ томонидан Картахена протоколини бажарилиши юзасидан ҳисобот бериб борилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Республика давлат бюджетидан Геномика ва биоинформатика марказига юклатилган Марказ вазифаларини бажариш билан боғлиқ қўшимча харажатларни назарда тутган ҳолда маблағ ажратади.

Марказ вазифаларини бажаришда иштирок этаётган ходимларга бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 500 фоизгача устама ҳақ тўланиши ва йилига 10 окладгача пул мукофоти берилиши белгилаб қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига Картахена протоколи масалалари бўйича ташриф буюрувчи чет эл мутахассисларига кириш визаларини расмийлаштиришни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Картахена протоколи бўйича Геномика ва биоинформатика марказига юклатилган вазифаларни самарали бажариш мақсадида халқаро беғараз техник кўмак маблағларини (грантларни) жалб этишда кўмаклашади ва бу борада донор мамлакатлар, халқаро ва хорижий ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари билан доимий равишда амалий иш олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги биологик хавфсизликни таъминлаш, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳамда озуқа ва уруғлар таркибида ГМОни тадқиқ этишга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион лойиҳаларни танловлар асосида шакллантирилишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид