Kun.uz’нинг маҳаллий ҳокимликлар ва бошқа давлат идоралари раҳбарлари билан суҳбатлари давом этади. Сайтнинг навбатдаги суҳбатдоши Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматов бўлди.

Ҳоким билан суҳбатимиз жойларда Тошкент вилояти аҳолисини қийнаб келаётган турли масалалар, хусусан, канализация муаммолари, ҳудудларда кўпгина ишлаб чиқариш корхоналарининг тўла қувват билан ишламаётгани, аҳолининг уй-жойга муҳтож қатламини уй-жой билан таъминлаш, шунингдек, Тошкент вилояти ҳудудидан чиқарилиб, Тошкент шаҳар бошқарувига ўтган ҳудудлардаги ҳужжат ишлари, туризмни ривожлантириш ҳамда бошқа масалалар ҳақида кечди.

«Ишлаб чиқариш корхоналарининг ёпилиб кетишига, аксарият ҳолларда бозордаги рақобат сабаб бўлмоқда»

Шу йилнинг 18 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг спикери иштирокида Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашининг сессияси бўлиб ўтди. Сессияда айрим туманлар (Паркент, Оҳангарон, Бўстонлиқ, Бўка, Қуйи Чирчиқ)да тадбиркорлик субъектлари сони ўтган йилгига нисбатан камайгани, фаолият олиб бораётган 798та саноат корхонаси томонидан йиллик қувватига нисбатан 30 фоизгача фойдаланиб келинаётгани кескин танқид остига олинди. Бу камчиликларнинг сабаби, шунингдек, унинг ечимлари бўйича нима ишлар қилинаётгани билан қизиқдик.

Бу борада Рустам Холматов ўз кузатувлари орқали фикрларини ифодалади.

Яхши биламиз, хусусий тадбиркорлик жадал ривожланмас экан, ижтимоий муаммолар ечими, маҳаллий тушумлар, бандлик масаласида муаммолар келиб чиқаверади.

Бугун Тошкент вилоятида 64 минг кичик тадбиркорлик субъектлари фаолият олиб бормоқда. Шулардан 400га яқини сиз айтганингиздек, кам қувват билан ишлаяпти. 6000га яқини фаолият кўрсатмаётгани ҳам бор гап. Биз вазирлик ва идоралар билан биргаликда буларнинг сабабларини ўрганиб чиқдик.

Ўтган йилнинг 1 сентябрь ҳолатига кўра, 345та янги корхона ишга тушган бўлса, бу йил деярли икки баробар кўпроқ кичик бизнес субьектлари ишга туширилган. Бу албатта бюджетга тушумларни, иш ўринлари сонини оширди, лекин ижтимоий муаммоларни тўла ечди дегани эмас.

Биз корхоналарнинг ёпилиб кетиш сабабларини ўрганиб чиқдик. Унга кўра, айрим тадбиркорларда маблағ етишмовчилиги, айримлари эса бугунги бозор рақобатларига бардош беролмаслик сабаби билан ёпилиб кетмоқда.