Ўзбекистон | 15:45 / 17.10.2019
6568
2 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятини таълим сифати бўйича намунали ҳудудга айлантириш ишлари бошланди

Президент топшириғига мувофиқ, Сирдарё вилояти таълим сифати бўйича намунали ҳудудга айлантирилади. Шу мақсадда, вилоятда қайси туман педагогларининг компьютер саводхонлиги энг юқори эканини аниқлаш учун тестлар ўтказиляпти.

Сирдарё вилоятини таълим сифати бўйича намунали ҳудудга айлантириш мақсадида ҳудуддаги халқ таълими ходимларининг компьютер саводхонлиги синовдан ўтказилмоқда.

16 сентябрь куни халқ таълимини ислоҳ қилиш бўйича давлат раҳбари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтган эди. Йиғилишда президент томонидан таълим сифати бўйича Сирдарё вилоятини намунали ҳудудга айлантириш ҳақида топшириқ берган.

«Қўйилган вазифа ижросини таъминлаш мақсадида Гулистон шаҳри, Боёвут, Янгиер, Оқ олтин, Сирдарё туманларида педагог ходимлар ва халқ таълими тизими мутахассисларининг компьютер бўйича билимлари текширилмоқда. Тестлар педагоглар учун умумий, халқ таълими ходимлари учун эса мураккаброқ ва чуқурлаштирилган даражада тузилган», – дейилади Халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш маркази ахборот хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, 16-22 октябр кунлари давом этадиган синовда 12 минг нафарга яқин халқ таълими тизими ходимлари иштирок этади.

Тест натижалари таҳлил қилиниб, компьютер саводхонлиги энг юқори бўлган туман аниқланади. Халқ таълими соҳасида АКТни ривожлантириш марказининг таълим жараёнини компьютерлаштириш ва онлайн платформага ўтказишга йўналтирилган лойиҳалари айнан шу туманда пилот тарзида жорий қилиниши ҳамда таълим сифати бўйича етакчи ҳудудга айлантирилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мактабларда фундаментал таълим тизимини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш имконини берувчи электрон ресурслар ҳақида маълумот берилган эди

Мавзуга оид