Жаҳон | 23:37 / 18.10.2019
61764
3 дақиқада ўқилади

Дунёдаги энг серфарзанд она бошқа фарзанд кўрмайди

Фото: Alamy

Кам учровчи ирсий касалликдан азият чекувчи угандалик Мариам Габатанзи 36 ёшида 44 нафар фарзанднинг онаси бўлишга улгурган. Дунёдаги энг серфарзанд она ҳисобланувчи ушбу аёл энди фарзанд дунёга келтира олмайди. Бу ҳақда Mirror нашри ёзди. 

Габатанзи 12 ёшида ўзидан 27 ёш катта бўлган эркакка турмушга чиққан. Угандада бундай никоҳлар тақиқланмаган.

Оила илк эгизаклар билан тўлганда, ота-она хурсанд бўлган. Бир йилдан кейин жуфтлик 3 эгиз, сўнгра 3 мартадан 4 эгиз фарзанд кўрган. Аёлнинг ҳар ҳомиладорлиги камида икки нафар фарзанд келтирган. Аниқланишича, аёл кам учровчи ирсий касаллик – гиперовуляциядан азият чеккан, бунда аёлда бир вақтда бир нечта тухум ҳужайра ривожланади.

Аёл шу касаллик сабабли 23 йилда 44 фарзанд кўрган. Яқинда Мариамнинг бачадон найларини бичиш бўйича операция ўтказилди ва энди у бошқа ҳомиладор бўла олмайди.

“Барча фарзандларим – Тангри инъоми, мен уларни жуда қадрлайман ва ҳеч қачон афсус қилмайман. Мен уларни вояга етказиш учун қўлимдан келган барча ишни қилмоқдаман”, деб айтган аёл.
 
Аёлни ўкситадиган ягона нарса фарзандларининг отасиз ўсаётганидир. Унинг турмуш ўртоғи ойлаб қорасини кўрсатмай юрган, охирги эгиз фарзандлари туғилгандан кейин эса умуман қорасини ўчирган.

“У фарзандлари учун баъзида исм беришдан бошқа ҳеч нарса қилмаган. Катта фарзандларим уни 10 йилдан кўпроқ вақтдан бери кўришмаган”, деб куюнади аёл.

Оғир турмуш сабабли аёлнинг 6 фарзанди вафот этган. Шунда катта фарзанди онасига ёрдам бериш учун ўқишини ташлашига тўғри келган. Аёл барча фарзандларига бирдек ғамхўрлик қилиб, улар билан 4 та кичик уйчада яшайди.

Энг кўп пул озиқ-овқатга кетади. Серфарзанд оила ҳар куни 10 кг ун, 7 кг ловия ва 4 кг шакар истеъмол қилади.

Аёл энг катта ютуғини барча фарзандлари таълим олаётганида деб билади. Унинг катта қизи ҳамшира, ўғилларидан бири эса қурувчи бўлиб ишламоқда.

Мариам эркаклардан оилалари учун масъул эканликларини унутмасликни, ота-оналардан эса қизларини эрта турмушга бермасликни сўраб қолган.

Мавзуга оид