Ўзбекистон | 21:29 / 18.10.2019
80400
12 дақиқада ўқилади

«Ишонувчанлигим панд берди» — Яна бир хусусий бандлик агентлиги юзлаб одамларни чув туширди

Фото: Fotolia

Kun.uz таҳририятига Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида истиқомат қилувчи фуқаро Хуршид Д. Чилонзор туманида жойлашган «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ раҳбарларидан шикоят қилиб келди.

Фуқаронинг ҳикоя қилишича, у жорий йилнинг февралида ўз танишлари ҳамроҳлигида мазкур хусусий агентликка борган ва уларни кутиб олган ташкилот ходимига Жанубий Кореяга ишга кетиш нияти борлигини айтган. Фирма вакиллари билан суҳбатлашгач, февраль ойи сўнгида агентлик ва фуқаро ўртасида шартнома тузилган, унга кўра Хуршид Д. банк орқали 27 миллион сўм тўлов қилган. Март ойида KOICA (Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги) иштирокида Тошкент шаҳрида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказида бир ҳафталик машғулотларда қатнашади. Шундан сўнг, ташкилот директори унга март ойи охирида Кореяга ишга кетишини айтади. Лекин октябрь ойига келиб ҳам фуқарога на иш топилган ва на унинг маблағи қайтарилган.

Хуршид Д. Ўзбекистонда ўзи сингари ушбу агентлик раҳбарлари ваъдаларига ишониб юрганлар  сони мингга яқин эканини билдирди.

Шартномадаги тўловдан ташқари «шапка» ҳам берилган

«Ёшим 33да. Тайинли иш жойим йўқлиги учун ҳайдовчилик қилиб, рўзғор тебратаман. Мазкур агентлик ҳақида телеграм орқали хабар топдим ва 22 февраль куни агентликнинг Чилонзорда жойлашган филиалига икки танишим билан бирга бордик. Бизни у ерда Ўрол исмли ходим кутиб олди. Тахминан 3 соат давом этган суҳбатимиз аввалида «Кореяга давлат орқали ишга кетмоқчи бўлсангиз 2 йилда юборишади. Биз эса 2 ёки 3 ойда жўнатамиз», деди.

Мулоқот давомида 38 ёшгача бўлганлар завод, фабрикаларда, 40 ёшдан ошганлар эса қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаши, оғир қийинчиликлар йўқлиги ва 2-3 минг АҚШ доллари атрофида ойлик маош берилишини айтиб ўтди. Фирма лицензиясини кўргач, фаолияти қонуний эканига ишондик ва хорижда ишлаш истагимиз янада кучайди.

Агентлик билан шартнома тузганимиздан сўнг, Ўрол ака 27 миллион сўм тўлов қилиш кераклигини билдириб, қўлимизга агентлик ҳисоб-рақамини тутқазди. Бунга рози бўлиб, ўзимда маблағ камлиги учун таниш-билишлардан қарз сўрадим ва бир амаллаб 27 миллион сўм пул йиғиб, «Туронбанк»нинг Чилонзор филиалида тўловни амалга оширдим.

Кореяга ишга борганлар албатта, корейс тилини билиши зарурлигидан бохабарлигим учун 2018 йил охирида 3 ойлик курсда ўқиб, сертификат олгандим. Агентлик ходимлари бир ҳафталик тил курсида таҳсил олишим шартмаслиги ва 3 ойда қўлга киритган сертификатим инобатга олинишини айтишди.

Мендан ташқари Кореяга кетиш орзусидаги яна 90 нафарга яқин турли вилоятлардаги эркак ва аёллар Учтепа туманидаги «Наврўз» меҳмонхонасида бир ҳафта яшаб, бу вақт ичида, яъни 25 февралдан 1 мартгача KOICA’даги ўқишга қатнадик. Очиғи, етти кун қандай ўтиб кетганини пайқамадим. Чунки машғулотлар номига, шунчаки ўтиларди. Бир ўқитувчи ноутбуки орқали «Миллион» жамоасининг концертини қўйиб берган ҳолат ҳам бўлди. Ҳаттоки, бизга ўқиганлик ҳақида бир парча қоғоз ҳам беришмади.

Ўқиш кунлари якунига етар пайт Хушвақт исмли директор ўринбосари «Бу фирмани очишимиз осон бўлмади. Кўнгилларингни тўқ қилинглар, барчангиз тез кунда Кореяга кетасизлар», деди. Бу гапларни икки кундан сўнг директор Қаҳрамон ака ҳам такрорлади. 4-5 март кунлари яна ўша биринчи гуруҳдаги 90 нафар чоғли киши янги ТошМИ ва бир қанча тиббиёт масканларига бориб, тиббий кўрикдан ўтдик.

Мени март охирида Кореяга юбормоқчи бўлишди. Аммо бирор амалий иш бўлмаганидан кейин кўпчилик қатори тезроқ юборишлари учун нақд кўринишда 1 минг 700 АҚШ доллари миқдорида «шапка» бердим. Бироқ, шунда ҳам олдинга силжиш кузатилмади. Май ойида миграция агентлигига (Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги – таҳр.) қўнғироқ қилиб, бор ҳолатни айтдим. Мен билан гаплашган ходим хусусий бандлик агентликлари Кореяга ишга юбориш ваколатига эга эмаслигини маълум қилди. Буни Қаҳрамон акага айтганимда, у Кореядаги бир қанча корхоналар билан шартномаси мавжудлиги ва албатта, ишга жўнатишини билдирди. Барчамизнинг хорижга кириш-чиқиш паспортимиз ундалиги боис яна гапларига ишондик. Бироқ қуруқ гап-сўзларини ҳозиргача амалда исботлашмаяпти.

Октябрь ойи бошигача деярли ҳар куни бордим. «Бир ҳафта кутинг», «Ўн кун сабр қилинг», «Кореядан 90 нафар одамга квота келди, сиз ҳам кетасиз шулар ичида. Фақат ўн беш кун вақт бор», дея турли ваъдаларни айтиб, шунча муддатни ўтказиб юборишди. Саккиз ойдан бери на ишга юборишдан, на пулни қайтаришдан дарак бор. Шу масалани ўрганиб, ёрдам берсангиз яхши бўларди», деди Хуршид Д.

«Ишонувчанлигим панд берди»

Шаҳрисабзлик 31 ёшли Обид Т. ҳам «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» орқали Кореяга кетиш ниятида фирма билан шартнома имзолаган ва унда белгиланган суммани тўлаган.

Лекин у ҳам юзлаб фуқаролар қатори алданганидан кеч хабар топган.

«Ўзим оддий устаман. 10 йил Россияда муҳожирликда юрдим. Кореяга кетиш ва ишлашга жуда қизиқардим. Таниш-билишларим агентлик тўғрисида айтишгани учун 28 январда Тошкентга келиб, фирмага мурожаат қилдим. KOICA’да беш кун ўқиганимиздан сўнг ўша ерда 9 май куни имтиҳон топширдик. 70 баллдан юқори тўплаганлар Кореяга юборилишини айтишди. Мен 75 балл йиғдим. 28 майда агентлик биносининг ўзида шартнома бўйича 32 миллион 400 минг сўм тўлов қилдим. У пулдан 14 миллион сўми ўзимники, қолган қисмини қариндошлардан қарз олгандим. 28 июнда Кореяга кетиш олдидан яна тайёрланиб, тест синовларида қатнашдик.

Ташкилот раҳбари август ойларида кетишимни айтганди. Аммо сентябрь ойи ичи ҳам кутдимки, ижобий жавоб бўлмади. Онам бетоблиги учун уни даволатгани Ҳиндистонга юбормоқчи бўлиб, пул етказолмадим. Шу боис ариза ёзиб, пулимни қайтариб олиш учун ўтган ҳафта фирма офисига борсам, у ерда тинтув ишлари бўлганини эшитдим. Айтишларича, ҳозир фирма раҳбари қамоқда экан. Ўзим ҳам юзлаб пул берганлар қаторида ИИВга ариза ёздим.

Мен сингари пул бериб, ишга кетолмаётганлар Қашқадарёда ҳам кўпчиликни ташкил этади. Тан оламан, ишонувчанлигим панд берди. Лекин бу каби агентликларни лицензия берган ташкилотлар назорат қилмайдими? Фирмага юзлаб одамлар тўлов қилган, уни нега солиқ идорасидагилар текширмайди? Яқинда «Human», «Profelite imp хусусий бандлик агентлиги» каби шундай фирмалар орқали кўпчилик чув тушганини ҳамма билди-ку? Ҳозиргача соддалигимиз туфайли пулни ҳам ололмаяпмиз, Кореяга ҳам боролмаяпмиз. Визани кутиб, бир йилга яқин умрим бекор ўтди».

700 нафар фуқарога ўқув дарслари ташкил этилган

Мурожаатчиларнинг фикрларини эшитгач, улар суҳбатимиз мобайнида тилга олиб ўтган KOICA (Корея Халқаро ҳамкорлик агентлиги) иштирокида Тошкент шаҳрида ташкил этилган Касб-ҳунарга ўқитиш марказига бордик. Ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитишга (касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш) мўлжалланган мазкур муассаса раҳбарияти тақдим этган маълумотномада қайд этилишича, Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 5 июлдаги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 сентябрда имзоланган қарорларига асосан ташкил этилган, устав асосида фаолият юритувчи «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ шу йилнинг 18 февраль куни марказга мурожаат хати ёзган.

Унга асосан, мазкур икки ташкилот ўртасида «Чет элларга вақтинчалик меҳнат фаолиятини олиб бориш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижий давлатлар маданияти ва тиллари ҳамда ишлаб чиқариш касблари бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ташкил этиш» юзасидан иккита ҳамкорлик шартномаси имзоланган. 21 февралда тузилган 1-сонли шартномага кўра 500 нафар, 8 апрелдаги 2-сонли шартномага асосан эса 200 нафар, жами 700 нафар фуқарога 30 академик соатлик (5 кунлик) ўқув дарслари ташкил этилган.

«Корея маданияти ва этикаси» курси бўйича 12, «Диний экстремизм, миссионерлик ва одам савдоси ҳолатлари олдини олиш» курси бўйича 12, «Электротехника, электроника ва автоматлаштириш», «Автомобилларни таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш», «Машинасозлик ишлаб чиқариш технологияси» тайёрлов йўналишлари ўқув устахоналарида «Меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлик техникаси бўйича» 6 академик соатлик ўқув дарслари ўтказилган. Машғулотлар февраль-май ойларида бўлиб ўтган.

Маблағлар шахсий манфаатлар йўлида сарфлаб юборилган

Суриштирув давомида агентлик раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани аниқланди. ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти масъул ходими Адҳамжон Абдуллаев агентлик фаолиятидаги ҳолат бўйича маълумот берди.

«Ички ишлар вазирлигига фуқаролардан 2019 йил 4 январда ташкил этилган «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖнинг мансабдор шахсларига нисбатан кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Аризалар юзасидан вазирлик ҳузуридаги Тергов департаменти томонидан 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди, яъни «алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш» йўли билан ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини қўлга киритиш ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Аниқланишича, фуқаро Қаҳрамон О. ва бошқалар «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖни таъсис этиб, хорижда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш ниқоби остида чет элда ишлаш истагида бўлган фуқароларга ёлғон ваъдалар бериб, жамиятга мурожаат қилган 645 нафардан зиёд фуқароларнинг ҳар биридан 27 миллион сўмдан 32 миллион сўмгача бўлган пул маблағларини жамият балансига кирим қилиш йўли билан жами 12 миллиард сўмдан ортиқ пулни қўлга киритган ва ушбу маблағларни шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборишган.

Жиноят иши юзасидан олиб борилаётган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида фуқароларнинг мол-мулкини жиноий тажовуздан ҳимоялаш ва «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖнинг фаолияти шаффофлигини ўрганиш мақсадида молия-хўжалик фаолияти юзасидан ҳужжатли тафтиш тайинланди.

Жамият директори Қахрамон О., Мусурмон А. ва Одил К.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди билан айблов эълон қилиниб, «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда ва натижасига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиб, жабрланувчиларга етказилган зарарни ундириш чоралари кўрилади», дейилади маълумотда.

Биз «Korean аnd migration xususiy bandlik agentligi» МЧЖ ходимлари билан суҳбатлашиш учун фирма биносига ҳам бордик. Аммо бино эшиги қулфланган эди. Вазиятни кузатишда давом этамиз.

Миролим ИСАЖОНОВ,
Kun.
uz мухбири.

Мавзуга оид