Жамият | 08:24 / 18.10.2019
11521
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда аёл кишини 50 минг долларга «ухлатиб» кетишди

Фото: Dreamstime

Тошкентда аёл кишини 50 минг долларга «ухлатиб» кетишди. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати маълумот берди.

Қайд этилишича, 16 октябрь куни Сергели тумани ИИО ФМБга 31 ёшли А.К. мурожаат қилиб, жорий йилнинг июнь ойида унга 50 000 АҚШ долларини Қозоғистон Республикасида яшовчи танишларига етказишда ёрдам беришини ваъда қилган таниши 37 ёшли А.Ц.га нисбатан чора кўришни сўраган.

А.К. танишининг таклифига рози бўлиб, унга пулларни берган. Аммо А.Ц. пулларни манзилга етказмасдан, эгасига ҳам қайтариб бермасдан ўз эҳтиёжига сарфлаб юборди. Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Ҳозирда тергов ишлари олиб борилмоқда.  

16 октябрь куни Сергели тумани ИИО ФМБга яна бир ариза – 44 ёшли З.А.нинг мурожаати келиб тушган. 

Унинг маълум қилишича, жорий йилнинг август ойида таниши бўлган М.А. ундан “Ласетти” русумли автомобилини 2 йил давомида муддатли тўлов эвазига харид қилиш истагини билдирган. Улар ўзаро нархни 11 100 АҚШ долларига келишиб, дастлабки тўлов тариқасида М.А. 1 500 АҚШ доллари тўлаган. Қолган маблағни эса икки йил давомида ҳар ой 400 АҚШ долларида тўлаши керак эди. 

Аммо автомобилни олгач, М.А. ўз ваъдасига хилоф тарзда сентябрь ойида машинани 43 ёшли Х.Р.га сотиб, З.А.га қолган маблағни тўламасдан, пулларни ўз эҳтиёжига сарфлаб юборган. Ушбу факт асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (“Фирибгарлик”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.  

“Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва пойтахт меҳмонлари! Масалангизни ҳал қилишни ваъда қилаётган кишиларга нотариал келишув расмийлаштирмасдан туриб пулларингизни беришга шошилманг”, - дейилади ИИББ хабарида.

Мавзуга оид