Ўзбекистон | 23:06 / 19.10.2019
5235
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги йирик музейнинг реконструкция жараёнини Швейцария компанияси назорат қилади

Келаси йил республикада амалга ошириладиган йирик лойиҳалардан бири бўлиши кутилаётган Ўзбекистон давлат санъат музейининг реконструкция қилиш ишларига 2020 йилнинг баҳорида старт берилади.

Унинг замонавий қиёфага киришида «Прицкер» мукофоти совриндори, дунёга машҳур япониялик архитектор Тадао Андо қатнашади. Лойиҳанинг бажарилишини эса Швейцариянинг «AlternativWelt» компанияси назорат қилади.

Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раҳбарияти ҳамда мутасаддилари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар бермоқда «Kun.uz» мухбири.

Муассаса директори Васила Файзиеванинг айтишича, мазкур маданий обьект ўзига хос тузилмаси ва коллекцияси билан Марказий Осиёдаги йирик музей ҳисобланади. У 1918 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозиргача фаолият юритган бино 1974 йил фойдаланишга топширилган. 1992 йили реконстукция қилинишига қарамай, ўтган вақт ичида музей биноси таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Шунингдек, коллекцияларни сақлаш ва ташриф буюрувчилар учун етарли шарт-шароитлар ҳам ачинарли аҳволда бўлган.

Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 26 августда имзоланган «Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ музей биноси 2020 йилда тўлиқ реконструкция қилиниши кўзда тутилган. Коллекциялар ва ашёларни белгиланган меъёрларда сақлаш, намойиш этиш учун кўшимча хоналарни қуриш, бинонинг ички ва ташқи томонларини тубдан таъмирлаш, меҳмонларга замон талабига мос шароит ҳамда қулайликларни яратиш бўйича кенг миқёсдаги ишлар бажарилади.

Матбуот анжуманида Вена шаҳридаги «Альбертин» музейи директори, музейлар кураторлиги, брендга айлантириш ва бошқариш бўйича етакчи мутахассис Клаус Альбрехт Шредер ҳам сўзга чиқди.

«Ҳозирги даврда бирорта ҳам музей кенг масштабли ривожланиш режасини кўз олдига келтирмай туриб, ишлолмайди. Ўзбекистон давлат санъат музейини равнақ топтиришдек масъулиятли ва шарафли иш билан шуғулланаётган инсонларни жалб этиб, муассасанинг моҳиятини очадиган ва унинг жамоатчилик олдидаги вазифасини кўрсатадиган музей миссиясини ишлаб чиқмоқчиман. Яна бир йилдан сўнг бу муассаса Ўзбекистоннинг бутун анъаналари ва маданиятини мужассам қиладиган янги тимсол бўлиб яралади. У юртингизнинг ранг-баранг ва ёрқин маданияти ҳамда тарихини ўзида мужассам этади», деди Клаус Альбрехт Шредер.

Брифингда маълум қилинишича, мазкур мажмуанинг реконструкция лойиҳалари уч бор - ноябрь, декабрь ва февраль ойларида намойиш этилиб, ундаги камчиликлар мутахассислар иштирокида тўлдирилади. Жараён эса баҳорда бошланади.

Қайд этиш жоизки, музейда 100 мингдан ортиқ экспонат мавжуд бўлиб, ташриф буюрувчилар сони йилига 350 мингдан ошади.

Миролим Исажонов
Тайёрлаган Миролим Исажонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид