Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Маданиятга тикилган пуллар, санъаткордан вазирликка, интернет маданиятчилари – вазир Назарбеков билан суҳбат
Kun.uz Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков билан суҳбатлашди. Мулоқот давомида президентнинг санъат вакиллари билан учрашуви, бугунги маданият тизимининг вазифалари, соҳага давлатнинг аралашуви ва хусусийлаштириш, креатив иқтисодиёт, кино, театрларнинг аҳволи юзасидан фикр алмашилди. Маданиятга тикилган пуллар одамларнинг ўзида, айниқса уларнинг фикрлаш ва тафаккурида кўринади, дейди вазир.
Kun.uz Маданият вазири билан суҳбатлашаркан, аввало унинг санъаткордан чиққан вазир эканини ҳисобга олиб, бугун Озодбек Назарбеков қанчалик бу ишни уддалай олаётганини сўради. Унинг жавоб беришича, сиёсатчига айланиш – шахсий режа эмас, балки қисмат эди. Умуман давлат ишида ишламаганман, бирдан вазир муовини бўлиш тушимга ҳам кирмаган, дейди Назарбеков.
“Бошида 1-2 йил қийин кечди, ўзим учун нотаниш кўчалар эди. Биз санъаткорлар кундузи ухлаб, кечқурун ишлаганмиз. 30-35 йил шундай тажрибам бор, бирдан ўрмонга тушгандек бўлдим. Лекин одамнинг мақсади ўзгармас экан, вазирликда халқаро нуқтаи назардан ўйлайдиган, режаларимни амалга оширадиган бўлдим”, - дейди маданият вазири.
200 га яқин маданият соҳаси вакиллари президент билан мулоқот арафасида тақдирланди. Бунга изоҳ бериб ўтган вазирга кўра, бу гал халқ танийдиган санъаткорлар халқнинг раъйига мувофиқ тақдирланди. Авваллари ижтимоий мажбуриятга қараб мукофот бериларди, таниқлилик даражаси деган стандарт йўқ эди, дейди Назарбеков.
Бугунги маданият тизимининг вазифаси нима: одамларни тарбия қилишми ёки санъат яратишми? Вазир бу саволга жавоб бераркан, ҳар иккаласини маданиятнинг вазифаси деб таъкидлади. Бироқ одамлар ўз тарбиячисини ҳеч қачон қарсак чалиб кутиб олмайди, дейди у.
“Аввалбошидан маданият тафаккурни шакллантирувчи йўналиш бўлиб келган. Касал одамга даволовчи ёқмаганидек, жамият ўз тарбиячисини қарсак чалиб кутиб олмайди”, дейди Назарбеков.
Вазирнинг қўшимча қилишича, бугун Маданият вазирлиги керакми, деган саволни ўртага ташловчиларнинг ўзи маданиятсиз. Одамлар шу гапни айтишга жазм қилаётганининг ўзи маданиятсизлик, дейди у.
“Айрим подкастларда ёш-ёш йигитлар ўтириб олиб, мана бу ривожланган давлатда маданиятга битта департамент 20 та одами билан қарайди, дейди. Қарши савол берайлик, биз ўша маданиятга розимизми? Ота-онасини қариялар уйига мақсадли равишда олиб бориб ташлайдиган жамиятда яшашга розимизми? Қанча-қанча одамлар яшолмай қайтиб келяпти-ку”, дейди вазир.
Маданият соҳаси ҳали-ҳануз давлатнинг жиддий аралашуви билан тартибга солиб келинмоқда. Масалан, лицензиялаш тизими ҳам совет давридан қолган ва узоқ йиллар ижод эркинлигига соя солиш механизмига айланган эди. Вазирга кўра, тизимни хусусийлаштириш учун аввало бу йўналишдаги тадбиркорларга имтиёзлар бериш керак.
“Кимдир келиши учун аввал биз имтиёзлар беришимиз керакми? Кейин ўшалар юксалиб, юкимизни енгиллатади. Бир жойда театр қуради, спектакл ўтказади. Ёки труппа ташкил этади”, дейди Назарбеков.
Шу ўринда у хусусий каналдаги “Овоз” лойиҳасининг Маданият вазирлиги томонидан молиялаштирилгани, бунинг ортидан эса жиддий танқидларга учраганини гапирди.
“Мана, “Овоз” лойиҳасига пул бердик, кейин балога ҳам қолдик. Таълим вазирлиги ўзининг йўналишида қайсидир лойиҳага пул тикса бўларкан, қишлоқ хўжалиги вазирлиги қилса бўларкан, лекин Маданият вазирлиги ўз йўналишига битта тадбиркорга лойиҳаси учун қарашса, балога қолади”, дейди вазир.
Президент мулоқотда креатив иқтисодиёт ҳақида жиддий гапирди, давлат бюджетига кейинги йилларда бундан 145 триллион сўм тушишини эълон қилди. Маданият вазирига кўра, бу борада рақамлаштириш ишлари жараённи тезлатади.
“Бу драйвер соҳага айланиб бормоқда. Бутун дунёда бўлдими, бизда ҳам бўлади. Бунинг учун потенциалимиз етарли, фақат рақамлаштириш керак. Ҳозир бизда креатив иқтисодиёт сояда ишламоқда, тармоқлари аниқ шаклланмаган, лекин бўлади”, дейди у.
Вазир кино саноати ва театрларнинг бугунги аҳволига ҳам тўхталди. Кино бўйича Ўзбекистон мактаби анча юксалгани, драматургияда эса ҳалиям муаммолар борлигини қўшимча қилди. Театрга келсак, вазир фикрича, бутун дунё театрларидан одам қочди.
“Бутун дунё театрларидан одам қочди. Аввал қора парда олдида шеър ўқиса ҳам биз йиғлардик. Ҳозир эса одамларда ҳайрат манбалари ўзгариб кетди. Ҳозир демак томошабин ҳайратланмаяпти ва ўша шеърга йиғламаяпти. Театрларни ёшларга мослаштириш керак, ҳалиям ўша латта-путта, ўша саҳна – одамларни энди ҳайратга солмайди”, дейди Назарбеков.
Интернет, хусусан Instagram ва TikTok, ижтимоий тармоқлардаги “юлдузлар” маданият ва санъат вакилларининг ўрнини эгаллаб қўймоқда. Яъни бугунги ёш авлод уларни кузатяпти ва санъаткор сифатида қабул қилиб бормоқда. Вазир фикрича, энди профессионал санъаткорлар интернетни ҳам эгаллаши керак бўлади.
“Мен доим ҳамкасбларим билан кўришганимда айтаман: ўзингиз майдонни бой беряпсиз. Яъни ёшлар бузилиб кетди дейишади, лекин ўша майдонда ўзлари йўқ. Мана Glier мактаби ўқувчилар дунёга чиқиб кетди, ўз бренди устида ишлади. Худди шундай бошқа ҳақиқий санъат эгалари ҳам ўз саҳифаларини яратиб, бундан уялмаслиги керак”, дейди вазир.
Шунингдек, суҳбатда муаллифлик ҳуқуқи, солиқ масалалари, санъат таълими, вазирликнинг бугунги вазифалари хусусида сўз борган.
Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTubeʼдаги саҳифасидан тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади.
Мавзуга оид
23:03 / 02.06.2026
Саида Мирзиёева маданият ва санъат соҳаси ривожи учун мўлжалланган фармонни олқишлади
22:46 / 02.06.2026
Маданият, санъат ва адабиёт соҳаси учун кенг кўламли имтиёзлар эълон қилинди
15:09 / 01.06.2026
Спектакль учун сотилган ҳар бир чиптага қўшимча гонорар тўланади
15:07 / 01.06.2026