Жамият | 12:45 / 22.10.2019
3410
2 дақиқада ўқилади

Косонда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллиги муносабати билан байрам тадбирлари бўлиб ўтди – фото

Косон туманида Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тили ҳақида»ги қонуни қабул қилинганлигининг 30 йиллиги муносабати билан қатор тадбирлар ташкил этилди.

Жумладан, тумандаги «Амир Темур» номли истироҳат боғида сайил ташкил этилди. Унда «Она тилимиз 30 ёшда» лойиҳаси доирасида тумандаги барча мактаб ўқувчилари ўртасида яъни, мусиқа ва санъат йўналиши бўйича 850 нафар, ғазалхонлик бўйича 750 нафар, шеърхонлик бўйича 670 нафар, ижодкор ёшларнинг ўз қаламига мансуб бўлган ижодлари бўйича 900 нафардан ортиқ ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.

Сайил якунида ифодали шеър ўқиган, куй чалган, қўшиқ куйлаган ва рақсга тушган, рассомчилик санъати бўйича ўз маҳоратини кўрсатган ўқувчиларга туман ҳокимининг ўринбосари У.Очилов компьютер жамланмаси ва дипломлар, фахрий ёрлиқлар, китоблар тўплами ҳамда бошқа эсдалик совғалари топширди.

Шунингдек, тумандаги «Тарихимсан, тақдиримсан-она тилим» мавзусида иншолар танлови ўтказилди. Иншолар танловида 30 нафар ҳарбий хизматчи ёшлар иштирок этди ва тадбир якунида ғолиб бўлган иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланиб, уларга концерт дастури намойиш этилди.

Бундан ташқари, тумандаги 94-сонли умумтаълим мактабида «Тил миллат кўзгуси», 6-сонли умумтаълим мактабида «Она тилим – бахтимсан ҳам ғурурим, фахримсан» шиорлари остида тадбирлар ташкил этилди. Фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбирлар доирасида 100-сонли умумтаълим мактабида она-тили ва адабиёт фани ўқитувчилари иштирокида «Ўзбек тилшунослигининг долзарб масалалари» мавзусида конференция ўтказилди.  

Бардошбек САМАД ўғли тайёрлади

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид