Ўзбекистон | 14:17 / 23.10.2019
7481
2 дақиқада ўқилади

Наманган халқаро аэропортига «очиқ осмон» мақоми берилиши мумкин

Фото: uzairways.com

2019 йил 22 октябрь куни Наманган вилояти ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Ташқи ишлар вазирлигининг Наманган вилоятини ривожлантиришга оид ахбороти эшитилди. Тадбирда Олий Мажлиси Сенати аъзолари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, вазирлик ва идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, вилоятнинг инфратузилмасини модернизация қилиш чора-тадбирлар доирасида Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси ташаббуси билан Наманган вилоятида сув таъминотини ривожлантириш учун ОПЕК жамғармасининг 54 млн. доллар миқдордаги имтиёзли кредити жалб қилинди. Сув таъминотини яхшилаш бўйича беш йиллик (2020-2025 йиллар) ушбу лойиҳа Заркент, Ходикент, Исқовот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрини қамраб олади.

Мажлисда инвестиция, экспорт ва туризм соҳалари бўйича олиб борилаётган ишлар самарасини ошириш, Наманган вилоятининг тажрибасини намунавий даражага олиб чиқиш масалаларига эътибор қаратилди.

Вилоятнинг инвестицион имкониятларини, экспорт ва туризм салоҳиятини хорижий ишбилармон доиралари орасида кенг тарғиб қилиш, ҳокимият ва элчихоналар ўртасида чет эл компаниялари билан йўлга қўйилган ҳамкорликни яхшилаш мақсадида Наманган вилоятининг “ягона дарча” сифатида ахборот порталини яратиш, ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда, экспортга йўналтирилган замонавий агрологистика марказларини кўпайтириш,  Наманган халқаро аэропортига “очиқ осмон” мақомини бериш каби таклифлар берилди.

Мавзуга оид