Жамият | 10:55 / 25.10.2019
5599
3 дақиқада ўқилади

Нукусда БМТ шафелигидаги халқаро конференция бўлиб ўтмоқда

24 октябрь куни Нукус шаҳрида БМТ шафелигида «Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологияси ҳудуди» деб номланган халқаро конференция ўз ишини бошлади. Тадбирнинг дастлабки кунида анжуман иштирокчилари Орол денгизининг қуриган тубига ташриф буюриб «Кемалар қабристони» билан танишишди. Шунингдек, Мўйноқ туманидаги маданият маркази ва музейини, Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейини томоша қилишди.

25 октябрь куни Бердақ номидаги театрда конференциянинг тантанали очилиш маросими ўтказилди. 

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Борий Алиханов, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқоргу Кенеси раиси Муса Ерниязов, БМТ Бош котибининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Наталья Герман, БМТ Бош котиби ёрдамчиси Абдулайе Дьейе, Европа Иттифоқининг Марказий Осиёдаги махсус вакили Питер Буриан, хориж давлатлари дипломатик корпуслари, халқаро экологик ташкилотларнинг вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Тадбирда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг конференция иштирокчиларига йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Шунингдек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш қилинди.

Қайд этиш жоизки, Халқаро конференция Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 24 августда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари саммитида эълон қилинган ташаббуслари ва таклифлари доирасида ташкил этилмоқда. 

Анжуман доирасида Барқарор ривожланиш бўйича давлатлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ҳам режалаштирилган бўлиб, йиғилишда комиссия раислиги Туркманистондан Ўзбекистонга ўтади.

Конференцияда Президентнинг учта ташаббусини илгари суриш: Оролбўйида экологик инновациялар ва технологиялар ҳудудини ташкил этиш концепцияси лойиҳаси; Оролбўйи минтақасини «Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди» деб эълон қилиш тўғрисидаги БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюцияси; Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича минтақавий дастур тақдимоти ва муҳокамаси ўтказилади.

Анжуман сессиялари ва йиғилишлари давомида Ўзбекистоннинг Оролбўйи ҳудудини инновацион ривожлантириш бўйича лойиҳавий таклифлари алоҳида тақдим этилади (умумий қиймати 33 миллион долларлик 24 лойиҳа).

Анжуман доирасида экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хорижий инвестицияларни жалб этиш учун шароит яратиш, «яшил иқтисодиёт», экологик тоза, энергия ва сув тежайдиган технологиялар тамойилларини комплекс татбиқ этиш, чўлланиш ва экологик миграциянинг давом этишига барҳам бериш ва экотуризмни ривожлантириш йўналишларида ялпи ҳамда параллел йиғилишлар бўлиб ўтади.

Мавзуга оид