Ўзбекистон | 19:34 / 25.10.2019
19811
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги аксарият мактабларда ота-оналардан ноқонуний пул йиғилгани маълум бўлди

Тошкент шаҳридаги аксар умумтаълим мактабларининг директорлари ўзбошимчалик қилиб, ўқувчиларнинг ота-оналаридан пул йиғган. Халқ таълими вазири пойтахт ХТББ бошлиғидан мазкур ҳолатга чек қўйишни сўради.

Тошкентдаги мактаб директорларининг аксарияти ўзбошимчалик билан мактабга турли хилдаги турникетлар ва кузатув камералари ўрнатмоқда.

Директорлар бунинг учун ўқувчиларнинг ота-оналаридан ноқонуний равишда пул йиғишмоқда.

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси бошлиғига юборган хатида шу ҳақда сўз боради. Вазир 24 октябрь кунги хатида пойтахт ХТББ раҳбари А.Мамажоновдан мазкур ҳолатга барҳам беришни сўраган.

«Мавжуд маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, Тошкент шаҳридаги аксарият умумтаълим мактаблари директорлари томонидан ўзбошимчалик қилиниб, мактаб кузатув кенгаши аъзолари ва ота-оналар фикрларини чалғитган ҳолда, ноқонуний пул йиғимлари билан шуғулланиб, турли хилдаги турникетлар ҳамда кузатув камералари ўрнатилмоқда», – дейилади Kun.uz ихтиёридаги расмий мактубда.

Унда айтилишича, шу йил 23 августда бўлиб ўтган президент видеоселекторида берилган топшириққа мувофиқ, Тошкент шаҳридаги умумтаълим мактабларида тажриба-синов тариқасида ўқувчилар давоматини назорат қилишнинг электрон тизимини яратиш ишлари бошланган. Ушбу йўналишда хусусий сектор инвестициялари жалб қилинган.

«Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси тасарруфига кирувчи таълим муассасаларида ноқонуний равишда турникетлар ва кузатув камералари ўрнатиш ниқоби остида ота-оналардан пул йиғишларни тўхтатишингизни  сўрайман», – деб қайд этган вазир ўз хатида.

Шерзод Шерматовнинг мактубида ота-оналардан ноқонуний пул йиғган мактаб директорларига чора кўрилиши масаласига тўхталиб ўтилмаган.

Мавзуга оид