Жамият | 17:30 / 28.10.2019
8671
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда жуда кўп миқдордаги солиқларни тўламаслик ҳолати аниқланди

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жуда кўп миқдордаги солиқларни тўламаслик ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар бермоқда.

Маҳкама Департаментнинг Юнусобод тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “W.T.” МЧЖ мансабдор шахслари 2019 йилнинг январь-июнь ойларида хориждан импорт қилинган 61,1 млрд. сўмлик юқори ликвидли маҳсулотлардан 44,9 млрд. сўмлигини нақд пулга сотиб, савдо тушумини банк муассасасига кирим қилмасдан, 2019 йил 2-чорак якуни бўйича ҳисоботлардан яшириб, бюджетга тўланиши лозим бўлган қарийб 9 млрд. сўм қўшилган қиймат солиғини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганликлари аниқланган.

Хабарда айтилишича, корхона мансабдор шахсларига, бир ой муддат ичида солиқ тўловларини бюджетга тўлаши лозимлиги тушунтирилиб, 2019 йил 5 октябрь куни расман огоҳлантирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан жамият мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 184- (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш) ва 189-моддалари (Савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Мавзуга оид