Жамият | 23:38 / 29.10.2019
60745
3 дақиқада ўқилади

Тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар коммунал ходимларга ўхшаб қоляпти – Алишер Қодиров

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров тиббиёт ходимлари фаолияти ҳақида ўз мулоҳазаларини билдирди.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

29 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

Йиғилишда бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларидаги шифокорлар фаолиятидаги муаммолар, кундузги шифохоналар фаолияти муҳокама қилинди.

Палата спикери ўринбосари Алишер Қодировнинг таъкидлашича, бугунги кунда врачларнинг ишлаши учун шароит яратиш биринчи ўринда ҳал қилиниши керак бўлган масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

«Худди шунингдек, ўқитувчилардан ҳам бугун жуда кўп нарса хоҳлаяпмиз. Ва уларга «Сиз биз учун муҳимсиз» деб, елкаларига шу қадар кўп юк ташлаганмизки, бу устозларнинг ривожланишига халал беряпти. Улар оддийгина коммунал хизматчиларга ўхшаб қолган. Тиббиёт ходимлари ҳам худди шу аҳволда», – деди Алишер Қодиров.

Унинг қўшимча қилишича, тиббиёт ходимларининг ривожлана олмаётгани, замонавий медицина талабларига тўлиқ мутаносиб бўла олишмаётгани уларнинг даромади етарли эмаслиги билан боғлиқ.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Йиғилишда асосий муҳокама мавзуларидан бири сифатида умумий амалиёт шифокорининг иш тартиби муҳокама қилиниб, бу бўйича депутатлар томонидан қатор камчиликлар аниқлангани маълум қилинди.

Мавжуд тартибга кўра, умумий амалиёт шифокори кунига 6 нафар фуқарони уйига бориб кўриши белгиланган. Бу вақтда УАШда поликлиника ёки ҚВПга келган беморни қабул қилиш имкони бўлмайди. Ҳар куни 6 нафар беморни уй шароитида кўриш талаби шифокорнинг имкониятига ҳам мос эмас.

«Бунда умумий амалиёт шифокори 6 соатлик иш вақтининг 3 соатида патронаж, яъни уйма-уй юриб бемор кўриш билан банд бўлади. Бунда 1 ойда шифокорнинг зиммасига 450 та қатнов юкланади.

Ўз-ўзидан бунча юклама билан шифокор қолган вазифаларини қачон бажаради, деган савол туғилиши табиий», – дея таҳлилларини баён этди депутат Зумрад Бекатова.

Зумрад Бекатова / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Унинг айтишича, тиббий патронажни амалга оширувчи УАШлар ва патронаж ҳамширалари лавозими учун ставкалар белгилашда ҳам турли хил ёндашувлар мавжудлигини кузатиш мумкин.

«Хусусан,  умумий амалиёт шифокори учун қишлоқ врачлик пунктларида 1500 нафар аҳоли учун 1 ставка, қишлоқ оилавий поликлиникаларида 200 нафар аҳоли учун 1 ставка, шаҳардаги оилавий поликлиникаларида 1330 нафар аҳоли учун 1 ставка белгиланган.

Ваҳоланки, уларнинг ҳаммаси бир хил вазифани бажаради», – дейди Зумрад Бекатова. 

Шуларни ҳисобга олган ҳолда йиғилишда патронаж тартибини белгилашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши зарурлиги, УАШларга қўйилган юкламаларни аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш нуқтайи назаридан танқидий кўриб чиқиш лозимлиги бўйича таклифлар берилди.

Мавзуга оид