Жаҳон | 20:45 / 30.10.2019
12734
2 дақиқада ўқилади

16 ёшли экофаол Грета Тунберг нуфузли мукофотдан бош тортди

Швециялик 16 ёшли экофаол Грета Тунберг Шимолий кенгашнинг атроф-муҳит ва экологияни муҳофаза қилиш соҳасидаги мукофотини олишдан бош тортди. 

Тунберг Instagram’даги саҳифасида тушунтиришича, бундай мукофотни олиш у учун катта шараф ҳисобланади, бироқ ривожланган давлатлар иқлим бўйича Париж келишуви шартларини бажармас экан, бу мукофотни олишга ҳеч ким лойиқ ҳисобланмайди.

Ҳозирда Калифорнияда қолаётган қизнинг фикрича, экофаоллик фахрли мукофотларга эмас, балки ҳукуматлар томонидан эътибор ва қўллаб-қувватловга муҳтож.

Таркибига Дания, Исландия, Норвегия, Швеция ва Финляндия депутатлари кирувчи Шимолий кенгаш ҳар йил адиблар, мусиқачилар, режиссёрлар ва атроф-муҳит ҳимоячиларига бир қатор мукофотлар топширади. Жорий йилда бирваракайига икки давлат – Норвегия ва Швеция Гретанинг номзодини ушбу мукофотга илгари сурган.

Октябрда Грета BBC телеканали талқини бўйича 2019 йилда дунёнинг энг катта таъсирга эга аёллари рўйхатига киритилди, июнда Amnesty International ҳуқуқни ҳимоялаш ташкилоти унга “Виждон элчиси” олий мукофотини топширган.

Грета Тунберг экология муаммолари ва иқлим ўзгаришига қарши чиқувчи энг машҳур курашчилардан бирига айланди. 2018 йилда қиз Стокҳолмдаги парламент биносига норозиликка чиқиш учун ҳар жума дарсларни ўтказиб юборган. Бундан бутун дунё бўйлаб минглаб ёшлар илҳомланиб, ҳаттоки Fridays for Future (Келажак учун жумалар) Халқаро ташкилоти пайдо бўлишига олиб келган.

2019 йил августда қиз Нью-Йоркда БМТнинг иқлим бўйича саммитида иштирок этиш учун Атлантика океанини елканли яхтада кесиб ўтган. У саммитдаги қизғин нутқида инсоният экологик фожиа ва оммавий қирилиш остонасида тургани, сиёсатчиларни эса фақат пуллар ва иқтисодий ўсиш ҳақидаги эртаклар ташвишлантиришини айтган.

Мавзуга оид