Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қозоғистон парламенти Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг экологик ташаббуслари тўғрисидаги ҳужжатни маъқуллади
Қозоғистон парламенти юқори палатаси "Қозоғистон Ҳукумати ва Ўзбекистон Ҳукумати ўртасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимни ратификация қилиш тўғрисида"ги қонунни маъқуллади.
Бу ҳақда Кazinform халқаро ахборот агентлиги маълум қилди. Ушбу битим 2022 йил 22 декабрда Тошкент шаҳрида имзоланган. Битим Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда тегишли равишда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қаратилган.
Мазкур ҳужжат доирасида атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олдини олиш ва назорат қилиш, сув ифлосланишининг олдини олиш, биологик хилма-хилликни сақлаш, экотизимни деградациядан ҳимоя қилиш ва қум бўронларининг олдини олиш ва бошқа масалалар ҳисобга олинади.
Бундан ташқари, битим Орол ҳавзасидаги экологик вазиятни яхшилаш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқишни назарда тутади. Мазкур халқаро ҳужжат доирасида атроф-муҳит мониторинги соҳасида қўшма илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш масалалари бўйича қўшма конференциялар, давра суҳбатлари, учрашувлар, шунингдек, ишчи гуруҳларни ўтказиш режалаштирилган.