Республика маҳаллалар кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи,“Нуроний” жамғармаси ва “Оила” маркази фаоллари фуқароларга мурожаат билан чиқишди.

 Қайд этилишича, Ўзбекистон миллий тикланишдан миллий юксалиш сари комил ишонч билан катта йўлга чиқди. Мамлакатнинг барча ҳудудларида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар биримизнинг фаровонликда, ҳаётдан рози бўлиб яшашимизга қаратилган. Шу сабабли ҳам орамизда ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари кўпайиб бормоқда.

«Бироқ бунинг ўзи етарли эмас. Ҳар биримиз ўзимизга савол берайлик: бизнинг мана шу шиддатли ўзгаришларга дахлдорлигимиз қандай? Бу улкан бунёдкорлик, яратувчанлик ҳаракатида ўз ўрнимизни топа олдикми? Шукроналик ила бу ишларга муносиб ҳиссамизни қўша оляпмизми?

Нега айрим оилаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик йўқолиб, ўзаро муносабатларга манфаат, тама қўшилаётир? Нега ўз боласининг тарбиясига лоқайд ота-оналар кўпайиб бораётганига индамай қараб турибмиз?! Ахир Ватан келажаги – фарзандлар тарбияси, камолига боғлиқ эмасми?

Бизда азалдан ота адолатли фикри, ҳақ сўзи, ибрати билан оиланинг устуни, виждони бўлиб келган. Бежиз халқимиз “Ота рози – худо рози” демаган. Бугун айрим оилаларда ана шундай оталар ўрни, ҳикмати сезилмаяпти. Оилавий муносабатларда маънавий-ахлоқий мувозанатнинг бузилаётгани, оилавий ажралишлар, жиноятлар, мулкий можаролар кўпайиб бораётгани ҳаммамизни ташвишлантиради.

Эр хотинига, хотин эрига қасд қилиши билан боғлиқ ҳолатларга нега бефарқ қараб турибмиз? Фарзанд ота-онаси, ака-укасига қўл кўтариши биз учун номус ва уят эмасми?! Бу ҳолатдан ундай оилаларнинг етти пуштига тавқи-лаънат келмайдими? Ўз боласини сотмоқчи бўлган айрим номуносиб аёллар Она деган буюк ном, буюк меҳр ва қадриятни оёқ ости қилмаяптими? Энг ёмони, биз бундай аянчли манзараларга тобора кўникиб бораётганимизда!

Турмуш қураётган йигит-қизларимиз мустақил ҳаётга тайёрми? Оила юки, масъулиятини хис қила олишяптими? Тобора ошиб бораётган ажримларнинг сони нега бизни безовта қилмаяпти?

Азизлар адашганларга эргашмайлик!

Биз асрлар давомида ақл-заковати, юксак маънавияти, инсоний қадриятлари билан бошқаларга ибрат ва намуна бўлиб келган халқмиз. Афсуски, бугун тўй-ҳашам, маросимларимизда ҳам бемаъни орзу-ҳаваслар, ота-боболаримиз амал қилган урф-одатларга ҳурматсизлик, маънавий мезонлардан йироқ, ортиқча расм-русумлар, дабдабабозликка кўр-кўрона эргашиш кўпайиб бормоқда.