Жамият | 14:44 / 30.10.2019
18154
2 дақиқада ўқилади

Чиноздаги мактабда директор ва ўқувчи иштирокида содир бўлган ҳолат юзасидан расмий маълумот берилди

Ижтимоий тармоқларда Чиноз тумани 19-мактаб директори 6-синф ўқувчисини калтаклагани акс этгани билдирилган видеохабар тарқалди.

Ушбу ҳолат Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси томонидан ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, вояга етмаган О.Р. ҳақиқатдан ҳам Тошкент вилояти Чиноз туманида жойлашган 19-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 6-“а” синф ўқувчисидир. 

Жорий йилнинг 9 октябрь куни ўқувчилар синф хонада ўтирган вақтида мактаб директори Ш.Х.  синф хонасига кириб, технология фани ўқитувчиси йўқлиги сабабли, ўрнига шу соатда математика дарси бўлишини айтган. Шунда, ўқувчи О.Р. нима сабабдан технология дарси бўлмаслигини қўпол равишда, баланд овоз билан сўраган. Барча ўқувчилар олдида мактаб директорига нисбатан қўпол муомала қилганлиги учун мактаб директори ўқувчи билан алоҳида гаплашиб олиш мақсадида уни қўлидан ушлаб, бошқа хонага олиб кирган ва ундан тушунтириш хати олган. 

Ҳолат юзасидан Чиноз тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, вояга етмаган мактаб ўқувчиси О.Р.га олган тан жароҳатлари юзасидан, судга оид тиббий экспертиза тайёрланган. 2019 йил 11 октябрь кундаги суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, вояга етмаган О.Р.га соғлиқни қисқа муддат бузилишига сабаб бўлмаган “Енгил” тан жароҳати ташхиси қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан, фуқаро Ш.Х.нинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли, унга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 52-моддаси 2-қисмига асосан жавобгарлик белгиланган. 

Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун маъмурий ишлар бўйича Чиноз туман судига юборилган, дейилади Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати маълумотида.

Мавзуга оид