Жамият | 21:40 / 30.10.2019
8259
4 дақиқада ўқилади

«Инсон саломатлигига дахлдор ҳар бир вазият фавқулодда ҳолат ҳисобланади». ССВ «Навоийазот» раддиясига жавоб қайтарди

29 октябрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтида «Навоийазот» АЖга қарашли ПВХ заводида юз берган фавқулодда ҳолатдан жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда» сарлавҳали хабар эълон қилинган эди. Кўп ўтмай «Ўзкимёсаноат» АЖ матбуот хизмати бу хабарга раддия бериб, 28 октябрь куни ПВХ заводи ва умуман «Навоийазот» АЖ ҳудудида ҳеч қандай фавқулодда ҳолат юз бермаганини маълум қилди. Раддияда беморларда кимёвий заҳарланиш қайд этилмагани, улар шунчаки овқатдан заҳарлангани айтилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу раддиядаги маълумотларни инкор қилди. Унга кўра, беморлар газдан заҳарлангани учун бошқа бўлимга эмас, айнан токсикология бўлимига олиб келинганди.

Маълум бўлишича, жабрланувчилар хорижликлар бўлишган.

«Аввало таъкидлашимиз лозимки, инсон ҳаёти ва саломатлиги билан боғлиқ ҳар қандай ҳолат биз тиббиёт ходимлари учун фавқулодда ҳолат ҳисобланади. 

Сўнгги маълумотларга кўра, 2019 йил 28 октябрь куни соат 18:30да «Навоийазот» АЖ хизмат машинасида, таржимон кузатувида 4 нафар фуқаро кўнгил айниш, қайт қилиш, нафас қисиши, бош айланиши шикоятлари билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиали қабул бўлимига олиб келинган.

Кузатувчи таржимоннинг сўзларига кўра, соат 16:00да «Навоийазот» АЖ ҳудудидаги «ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси» қурилишида тўсатдан ҳавода ўткир газ ҳиди пайдо бўлган. Натижада уч нафар ишчи иш жойида нафаси сиқилиб йиқилган. Жабрланувчилар кузатувчилар ёрдамида воқеа жойидан зудлик билан «Навоийазот» АЖ Тиббий санитария қисмига олиб борилган. Бирламчи шифокор кўригидан сўнг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий вилоят филиалига юборилган», дейилади вазирлик хабарида.

«Филиалимиз қабул бўлимида токсиколог врач кўригидан сўнг, беморларда юқори нафас йўллари шиллиқ қаватларида гиперемия, шиш аниқланган. Беморнинг шикояти, анамнези, объектив кўриги асосида «Номаълум газдан (раздражающий) ингаляцион заҳарланиш, енгил даражаси» дастлабки ташхиси қўйилган.

Беморлар текшириш ва даволаш мақсадида Токсикология бўлимига ётқизилган. Бўлимда токсиколог кўригидан сўнг, бошқа турдаги заҳарланиш клиник белгилари бўлмагани сабабли, шунингдек, озиқ-овқатдан заҳарланиш ташхиси ҳам инкор этилган», – дейди РШТЁИМ вилоят филиали директори О.Инамов.

«Маълум бўладики, беморларнинг шикояти, анамнези, клиник белгиларидан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, озиқ-овқатдан заҳарланиш аломатлари бўлмаган. Номаълум газдан заҳарланиш ташхисининг асоси эса беморларнинг шикояти, ҳодиса содир бўлган вазият ва кўрик вақтида аниқланган клиник ўзгаришлар ҳисобланади.

Касб масъулиятидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир шифокор учун у ким бўлишидан қатъи назар инсон ҳаёти устувор ҳисобланади. Шундан келиб чиққан ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундан буён ҳам одамлар саломатлиги таҳдид туғдирувчи ҳар қандай вазиятни фавқулодда ҳолат ҳисоблаб, зудлик билан тезкор ва сифатли тиббий хизмат кўрсатишда давом этади», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид