Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш учун ажратилган маблағлар асоссиз ва ноқонуний сарфланган
Ўзбекистонда аҳоли бандлигини таъминлаш учун ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланишида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24 майда «Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5052 сонли Фармони қабул қилинган.
Фармон талабларидан келиб чиқиб, вақтинчалик банд бўлмаган аҳолининг йўл ва уй-жой коммунал инфратузилмаси объектларини қуришда, таъмирлаш ва реконструкция қилишда, шаҳар ва туманларни ободонлаштиришда иштирок этишини молиялаштириб бориш мақсадида Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилган.
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида жамоат ишларига 284 минг нафар фуқаролар жалб этилган бўлиб, уларга Жамғарма ҳисобидан 189,4 млрд. сўм иш ҳақи тўлаб берилган.
Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан Жамоат ишлари жамғармаси маблағларини мақсадли сарфланиши юзасидан ўтказилган назорат тадбирларида 4,7 млрд. сўм, шундан жорий йилнинг 3-чорагида 1,3 млрд. сўм Жамғарма маблағларини асоссиз ва ноқонуний сарфланиш ҳолатлари аниқланди.
Жамғарма маблағларини мақсадли сарфланишига масъул бўлган ташкилот ходимлари томонидан ўз хизмат вазифаларини бажаришда суиистеъмолчиликларга йўл қўйиш ҳолатлари аниқланган.
Андижон шаҳар Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази бош ҳисобчиси «Элга хизмат кўмакдош» МЧЖ раҳбари билан келишган ҳолда жамоат ишларини бажарганлик тўғрисида ҳеч қандай ҳужжатларсиз 362,8 млн. сўм маблағни МЧЖ ҳисоб рақамига ўтказиб берган.
Балиқчи тумани Аҳоли бандликка кўмаклашиш маркази бош инспектори тумандаги 8 та маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари билан келишган ҳолда 44 нафар фуқаролар билан тузилган сохта меҳнат шартномалари ва жамоат ишларини бажарилганлиги тўғрисида ҳисобот маълумотлари асосида 52,4 млн. сўм ўзлаштирилган.
Булунғур туманидаги «Агро фаровон замин» агрофирмаси раҳбари агрофирмада ишлаб келаётган 36 нафар ходимларни (ходимларнинг бехабарлигида) 2019 йил 22 майда ишдан бўшатиб, 3 ой муддатга ҳақ тўланадиган жамоат ишларига сохта буюртмани туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиб, 27,4 млн. сўм Жамғармадан асоссиз олганлиги аниқланди.
Шунингдек, Бухоро тумандаги 4 та фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи ҳисобчи томонидан фермер хўжаликларида ишламаган 8 нафар фуқаролар номидан ҳужжатларни расмийлаштириб, туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиш орқали 12 млн. сўм маблағларни ўзлаштирган.
Ангор туманидаги «Ангор агро пилла» МЧЖ томонидан ҳақ тўланадиган жамоат ишига жалб қилинганлик тўғрисида 37 нафар фуқаролар номига сохта ҳужжатлар расмийлаштирилиб, Ангор Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиб, жамғарманинг 65 млн. сўм маблағлари ўзлаштириб юборилган.
Шеробод туманидаги «Хўжақия-1» МФЙ раиси жамоатчилик ишида ишламаган 3 нафар ҳамда жамоатчилик ишларига жалб этилиб, кейинчалик бўшаб кетган 5 нафар фуқаролар номига сохта ҳужжатларни расмийлаштириб, туман Аҳоли бандликка кўмаклашиш марказига тақдим этиш орқали 18,4 млн. сўм маблағларни ўзлаштирган.
Бағдод туманда ўтказилган назорат тадбирларида «Универсал бизнес инвест» МЧЖ ва яна 23 та корхона, фермер хўжаликларида 106 нафар фуқаролар номига ҳужжатларни сохталаштириш йўли билан 103 млн. сўм жамғарма маблағлари ўзлаштирилганлиги аниқланган.
Хабарда айтилишича, юқоридаги ҳолатлар бўйича назорат тадбирлари ҳужжатлари тегишли чоралар кўриш учун прокуратура органларига юборилди.
Мавзуга оид
07:50 / 02.11.2024
Бандлик вазирлиги ишсизлик даражаси камайганини маълум қилди
07:50 / 25.10.2024
Ўзини ўзи банд қилган таксичилар сони икки баравар ошди
20:33 / 17.06.2024
ХВФ ҳукуматларни сунъий интеллектнинг хавфлилиги ҳақида огоҳлантирди
10:42 / 02.06.2024