Ўзбекистон | 18:21 / 23.01.2026
2639
3 дақиқада ўқилади

Ҳар бир туманда 5-10 та маҳаллани боғлайдиган саноат зоналари ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилдаги асосий вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда ҳар бир туманда 5-10 та маҳаллани боғлайдиган 1-2 гектарли саноат зона ва кластер ташкил қилиниб, 100 минг нафар одам учун иш ўринлари яратилиши белгиланди.

Йиғилишда айтилишича, туманларда ўтказилган ўрганишлар инфратузилма, турмуш даражаси, бизнес фаоллик, молиявий имкониятлар каби 20 та мезон асосида 37 та “оғир” туманни аниқлади. Бундан ташқари, ҳар бир туман таҳлил қилиниб, камбағаллик даражаси юқори бўлган 903 та “оғир” маҳалла танлаб олинди. Камбағал оилаларнинг учдан бир қисми, ишсизларнинг 21 фоизи ҳам танлаб олинган 37 та туман ва 903 та маҳаллага тўғри келиши аниқланди. Яна 33 та туман ва 330 та “оғир” маҳаллага Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш ишлари бошланди.

“Асосий кучни ушбу 70 та туман ва 1 мингта “оғир” маҳаллага йўналтирсак, республикада камбағаллик даражасини 3 фоиздан пасайтиришга эришамиз”, деди давлат раҳбари.

“Оғир” туман ва маҳаллалардаги аҳоли ва тадбиркорлар солиқ имтиёзидан кўра, кўпроқ йўл, сув, электр таъминотини яхшилаб беришни сўраяпти. Шу муносабат билан жорий йилда инфратузилмани яхшилаш учун вилоятларга 20 триллион сўм ажратилиши, шундан 12 триллион сўм “оғир” туман ва маҳаллаларга йўналтирилиши белгиланди.

Республикадан маҳаллий бюджетга қайтадиган маблағ 2 карра кўпайтирилиб, ҳокимларга 4 триллион 200 миллиард сўм берилади. Энди вилоят ҳокимлари “оғир” туманга 10 миллиард сўмдан, 903 та маҳалланинг ҳар бирига 1 миллиард сўмдан ажратади.

Бунга қўшимча ҳар бир “оғир” туманга 50 миллиард сўм, “оғир” маҳаллага 2 миллиард сўмдан маблағ йўналтиради. Бу туман ҳокимлари ва маҳаллий кенгашлар “оғир” туман ва маҳаллалар учун қўшимча яна 4 триллион сўм олади дегани.

“Ҳокимлар эшитиб олсин: бу маблағлар инфратузилмани яхшилаш орқали камбағаллик ва ишсизликни 2 карра қисқартиришга хизмат қилиши шарт. Ушбу туман ҳокимлари аҳолисига мурожаат қилади. Қайси маҳаллада нечта одамни ишли қилиб, қанча оилани камбағалликдан чиқаришини маҳаллама-маҳалла юриб тушунтиради. Шунча маблағ бергандан кейин туман ҳокими халқнинг олдида масъулият олиб, жавоб берсин. Ҳокимликнинг фаолиятига халқнинг ўзи баҳо берсин”, деди давлат раҳбари.

Энди ҳудудларни саноат, қишлоқ хўжалиги ва сервисдаги “солиштирма устунлиги”дан келиб чиқиб ривожлантириш зарурлиги таъкидланди. Давлат раҳбари бу тизимни Фурқат ва Деҳқонобод туманлари мисолида тушунтириб берди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига 70 та туман ва 1 мингта “оғир” маҳаллаларнинг “солиштирма устунлигини” таҳлил қилиб, иш ўрни ва даромадини кўпайтиришга туртки берадиган инфратузилма лойиҳалари бўйича алоҳида дастур қилиш ва молиялаштиришни бошлаш топширилди.

Ҳар бир туманда 5-10 та маҳаллани боғлайдиган 1-2 гектарли саноат зона ва кластерлар ташкил қилиниб, 100 минг нафар одам учун иш ўринлари яратилиши белгиланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид