Қуролли Кучлар авиацияси учувчилар таркибини тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби эълон қилинди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари авиациясининг учувчилар таркибини тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби эълон қилинди. Тегишли ҳужжат жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилган.
Тиббий кўрик қуйидагиларни аниқлаш мақсадида ўтказилади:
учувчилар таркибини соғлиғининг ҳолатига кўра учувчилик ишига, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг (кейинги ўринларда номзодлар деб юритилади) бошқарув органлари, Қуролли Кучлар авиацияси ҳарбий қисм (муассаса)ларида учувчилик ҳарбий-ҳисоб ихтисослиги бўйича хизматга (ишга, ўқишга) яроқлилигини аниқлаш;
улар соғлиғининг ҳолатига кўра Қуролли Кучлар авиацияси турлари ва учувчилик ҳарбий-ҳисоб ихтисослиги бўйича фуқароларни тўғри тақсимлашга кўрсатмалар бериш;
учувчилар таркиби томонидан улар ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинларни) ўташ даврида орттирилган касаллик, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатларнинг сабабий боғлиқлигини аниқлаш (кейинги ўринларда касаллик, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатларнинг сабабий боғлиқлиги деб юритилади);
учувчилар таркибига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатилишини ва уларга реабилитациянинг амалга оширилишининг муддати, ҳажми ва турларини белгилаш.
Учувчилар таркибини тиббий кўрикдан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида, шунингдек ташкилий-штат тузилмаларида учувчилар таркиби бўлган бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларда ўтказилади.
Мудофаа вазирлиги муассасаларида учувчилар таркибини тиббий кўрикдан ўтказиш учун тиббий-учувчилик комиссиялари (ТУК) ташкил этилади. Зарурат туғилганда вазирлик ва идоралар учувчилар таркибини тиббий кўрикдан ўтказиш учун Мудофаа вазирлиги Ҳарбий тиббий муассасаларида тузилган ТУКларга юборади.
ТУК таркибига раис, раис ўринбосари ва комиссия аъзолари: терапевт, невропатолог, жарроҳ, отоларинголог, офтальмолог киради. Тиббий кўрикни ўтказиш учун бошқа мутахассислар ҳам жалб қилиниши мумкин.
ТУКга қуйидаги вазифалар юклатилади:
тиббий кўрикдан ўтказиш;
ҳарбий қисмларда (муассасаларда) учувчилар таркибини даволаш–соғломлаштириш ишларини ва уларни мунтазам равишда тиббий кўрикдан ўтказилишини назорат қилиш;
учувчилар таркибининг соғлиғи ва психологик ҳолатига учувчилик ишининг таъсирини аниқлаш;
учувчилар таркибининг юқори профессионал иш қобилиятини сақлаш ва соғлиғини мустаҳкамлаш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш учун тиббий текширув натижаларини йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил қилиш;
учувчилар таркиби соғлиғи ҳолатига касбий омилларнинг салбий таъсирини камайтиришга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш;
ҳарбий хизматчилар, ҳарбий йиғинларни ўтаётган фуқаролар, ҳарбий хизматни (ҳарбий йиғинлар) ўтаб бўлган фуқароларда касаллик, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатлар ҳамда уларни ўлимга олиб келган касаллик, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатларнинг сабабий боғлиқлигини аниқлаш;
учувчилик ишидан кетаётган вақтида фуқароларнинг соғлиғи ҳолати бўйича учувчилик ишига яроқлилигини аниқлаш;
илмий-тадқиқот ишларни олиб бориш;
ТУК ишида иштирок этаётган шифокор-мутахассис ва ўрта тиббиёт ходимларни тайёрлаш.
ТУК ишини назорат қилиш, уларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий-тиббий комиссия (МҲТК) зиммасига юкланади.
ТУК томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 февралдаги 111-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси давлат авиациясининг авиация таркибига тааллуқли лавозимлар рўйхатига кирувчи учувчилар таркиби лавозимини эгаллаб турган, шунингдек юқорида кўрсатилган лавозимларда хизматни ўташ учун сараланган шахслар, УТТ ҲТМ га ўқишга кираётган номзодлар, УТТ ҲТМ курсантлари тиббий кўрикдан ўтказилиши лозим.
ТУКларнинг тузилиш тартиби, уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказишни ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ белгиланади.
Учувчилар таркибининг тиббий текшируви ва тиббий кўрикдан ўтказиш мазкур Низом, учувчилар таркибининг ҳарбий-тиббий экспертизаси мақсадида амалдаги текширув услублари ва МҲТК кўрсатмаларига мувофиқ амалга оширилади.
Тиббий текширув - бу тиббий кўрикдан ўтказишдан олдин амалга ошириладиган фуқаронинг шикоятларини йиғиш ва таҳлил қилиш, унинг анамнез маълумотлари ва кўриги, лаборатор, инструментал, морфологик ва бошқа таҳлиллар ўтказиш ёрдамида диагностик тадбирлар комплексидир.
Тиббий кўрикдан ўтказишдан олдин учувчилар таркибининг соғлиғи ҳолати, организмнинг парвозга физиологик мослашувчанлиги, парашют билан сакрашини аниқлаш мақсадида мажбурий лаборатор – инструментал текширувлар рўйхатига киритилган диагностик текширувлар амалга оширилади.
Зарурат туғилганда тиббий кўрсатмаларга асосан бошқа диагностик текширувлар ўтказилиши ҳам мумкин.
Тиббий кўрикдан ўтказиш деганда учувчилик ишига, учувчиларнинг ҳарбий-ҳисоб ихтисослиги бўйича хизматга (ишга, ўқишга) яроқлилигини аниқлаш мақсадида Қуролли Кучлар авиациясининг турлари бўйича учувчилар таркибини тўғри тақсимлаш учун уни ўтказиш вақтида учувчилар таркибининг соғлиғи ҳолати ва жисмоний ривожланганлигини ўрганиш ва баҳолаш тушунилади, шунингдек мазкур Низомда кўзда тутилган бошқа масалаларни ёзма равишда хулоса чиқариш билан ҳал қилиш тушунилади.
Фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш касаллик, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатларнинг якунида, айрим ҳолатларда эса аниқланган тиббий-эксперт якунида амалга оширилади.
ТУК ўз хулосаларини маслаҳатлашган ҳолда, йиғилишда қатнашаётган комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилади. ТУК хулосалари барча мансабдор шахслар томонидан бажарилиши лозим.
Тиббий кўрикдан ўтказиш кундузги ёруғликда, бундай ишлар учун махсус мўлжалланган жиҳозланган хоналарда амалга оширилади. Ёруғлик етарли даражада бўлмаса, тиббий кўрикдан ўтказиш учун етарли даражада бўлган сунъий ёруғликда амалга оширилади.
Шифокор-мутахассисларнинг хоналари тиббий учувчилик комиссияси шифокор мутахассислар хоналарининг жиҳозланиши лозим бўлган дори воситалари ва тиббий анжомларининг рўйхатига асосан тиббий кўрикни ўтказиш учун зарурий дори воситалари ва тиббиёт анжомлари билан таъминланади.
ТУК томонидан иш куни мобайнида 25 кишидан ортиқ бўлмаган учувчилар таркибини, УТТ ҲТМга ўқишга кираётган 30 кишидан ортиқ бўлган номзодлар тиббий кўрикдан ўтказилади.
Фуқаро ёки унинг қонуний вакили ТУКнинг хулосасидан норози бўлган тақдирда МҲТКга ёки судга мурожаат қилиши мумкин.
ТУК томонидан чиқарилган хулоса, агар хулосада бошқа муддат белгиланмаган бўлса, тиббий кўрикдан ўтказиш санадан бошлаб бир йил мобайнида ҳақиқий ҳисобланади. ТУК томонидан такрорий ёки навбатдаги хулоса қабул қилинганда, аввалги хулоса бекор қилинади (учувчилик ишига вақтинчалик яроқсизлиги ва касаллик, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатларнинг сабабий боғлиқлиги тўғрисидаги ТУКнинг хулосаси бундан мустасно). Агар ТУКнинг хулосаси белгиланган муддатда ижро этилмаган бўлса, тиббий кўрикдан ўтказилган шахснинг аризаси ёки ҳарбий-тиббий муассасалар шифокор-мутахассисларининг хулосасида кўрсатилган муддатдан қатъий назар, ушбу шахснинг соғлиғи ҳолатида яққол ўзгаришлар қайд этилса, тиббий кўрикдан қайтадан ўтказилади.
ТУК хулосасининг амал қилиш муддати тугаган учувчилар таркиби парвозларни амалга оширишга рухсат берилмайди. Алоҳида вазиятларда, махсус вазифаларни бажаришда, бирор-бир сабабларга кўра айрим шахсларнинг тиббий кўригини белгиланган муддатда ўтказишни иложи бўлмаса, Мудофаа вазирлиги Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари (ҲҲМҚ ва ҲҲК) тиббий таъминот хизмати бошлиғи ҳамда МҲТК раиси билан келишилган ҳолда ҳарбий қисм (муассаса) тиббиёт хизмати бошлиғи чуқурлаштирилган тиббий текширувдан ўтказгандан кейин ТУКнинг охирги хулосасига мувофиқ учувчилик ишини давом эттириш учун бир ой муддатга рухсат бериши мумкин.
Фуқаронинг учувчилик ишига, учувчилар ҳарбий-ҳисоб ихтисослиги бўйича хизматга (ишга, таълимга) яроқлилиги ТУК томонидан фуқароларнинг соғлиғи ҳолати талабларига мувофиқ белгиланади.
Учувчилар таркибининг соғлиғи ҳолатига қўйилган талаблар – учувчилар таркибининг соғлиғи ҳолати ва жисмоний ривожланганлигини тавсифловчи тиббий кўрсаткичлар, уларга асосан учувчилик иши, учувчилик таълими, тегишли учувчилар ҳарбий-ҳисоб мутахассислиги бўйича хизматга (ишга) яроқлилик тоифаси белгиланади.
Фуқароларнинг соғлиғи ҳолатига қўйилган талаблар, касалликлар ва жисмоний нуқсонлар жадвали ҳамда алоҳида моддага бериладиган шарҳларда, шунингдек меъёрда ва овқатланиш бузилишида бўй ва тана вазни нисбатининг жадвалида белгиланган.
Тиббий кўрикдан ўтаётган шахслар касалликлар жадвалининг қуйидаги устунлар бўйича тақсимланади:
I устун – УТТ ҲТМга ўқишга кираётган номзодлар ва УТТ ҲТМ курсантлари (IV-V босқич курсантлари бундан истисно);
II устун – қирувчи-самолётлар, бомбардимончи самолётлар, ҳужумчи самолётларда учувчи учувчилар ва штурманлар;
III устун – поршенли ва транспорт самолётларида учувчи учувчилар ва штурманлар;
IV устун – барча турдаги вертолётларда учувчи учувчилар, учувчи-операторлар, штурманлар;
V устун – учувчи экипажларининг бошқа аъзолари, парашютчилар, учувчисиз учиш аппарати бўлинмаларининг учувчи-оператор, штурман-операторлари (УУА операторлари);
VI устун – парвоз бошқарувчилари.
УТТ ҲТМнинг IV-V босқич курсантлари учиш аппаратларини турига қараб парвозларни бажаришда, Касалликлар жадвалининг тегишли устунлари бўйича тиббий кўрикдан ўтказилади.
ТУК хулосасида ташхис, касаллик, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатларнинг сабабий боғлиқлиги кўрсатилиши зарур. Ундан кейин учувчилик ишига (учувчилик таълими, парашют билан сакраш, УУА операторлик иши, парвозлар бошқарувига) яроқлилик тоифасини белгилайдиган моддалар (моддаларнинг бандлари) ва Касалликлар жадвали устунлари ёзиладилар. Бундан ташқари учувчилик ишига ёки ҳарбий мутахассислик бўйича ишга яроқсиз деб хулоса чиқарилганида, ТУК томонидан ҳарбий хизматга яроқлилик тоифаси, шунингдек, касаллик, шикастланиш, ярадорлик, жароҳатларнинг сабабий боғлиқлиги тўғрисидаги хулоса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 25 декабрдаги ПҚ–4076-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида тинчлик ва уруш даврида тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги низом талабларига мувофиқ чиқарилади.
ТУК учувчилик ишига яроқли ёки чекланган равишда яроқли тўғрисидаги хулосани чиқарганда МҲТК раисининг рухсати билан муддатдан олдин (олти ёки ўн икки ойдан сўнг) қайта тиббий кўрикдан ўтказишни белгилаши, ҳамда кейинги тиббий кўрикдан ўтказиш стационар шароитда амалга оширилиши зарурлигини кўрсатиб ўтиши керак.
Касалликлар жадвали айрим моддалар (моддалар бандлари) бўйича якка тартибдаги баҳолашни кўзда тутган ҳолатларда, тиббий кўрикдан ўтаётган шахс учувчилик ишига яроқли, чекланган равишда яроқли ёки яроқсиз деб топилиши мумкин. Бунда қуйидагиларни инобатга олиш зарур:
касалликнинг ривожланиш даражаси;
патологик жараённинг қайталаниши;
мавжуд бўлган бузилишларнинг компенсация даражаси;
соғлиғи ҳолатида ўзгаришлар мавжуд бўлганда учувчилик ишидаги тажрибаси;
учувчилик ишини давом эттиришда касалликнинг ривожланиш эҳтимоли;
учувчилик ишини бажариш сифатига касалликнинг таъсири;
индивидуал-психологик хусусиятлари;
учувчилик мутахассислиги, хизмат стажи, тиббий кўрикдан ўтаётган шахснинг малакаси ва аниқ мақсадга йўналтирилгани;
бажарилаётган учувчилик ишининг характери;
учувчилик ишида келгусида фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини.
Учувчилик ишига (учувчилик таълимига) яроқлилиги тўғрисидаги хулоса парашют билан сакрашга ва ердаги катапульта воситасидан ирғишга яроқли эканлигини кўзда тутади. Агар тиббий кўрикдан ўтаётган шахс соғлиғи ҳолати сабабли парашют билан сакраш ва ердаги катапульта воситасида ирғишни бажара олмаса, ТУК хулосасида у парашют билан сакраш ва ердаги катапульта воситасида ирғишга вақтинчалик яроқсиз деб кўрсатиб ўтади.
Учувчилик ишига яроқли ёки чекланган равишда яроқли деб топилган учувчилар ва штурманлар парвозларни бошқаришга рухсат этилади.
Учувчилик ишига чекланган равишда яроқли деб топилган шахслар, авиация турларига уларнинг тааллуқлилигига мувофиқ Касалликлар жадвалининг чекланишлар билан рухсат этилган устунлари бўйича ҳамда учувчилик ишига соғлиғи ҳолатининг паст талабларига эга бўлган устунлар бўйича яроқли деб топилганлар ҳисобланади.
Учувчилик ишига (учувчилик таълимига) вақтинча яроқсизлик деганда учувчилар таркиби ва УТТ ҲТМ курсантлари ҳарбий хизматнинг бошқа мажбуриятларини бажариш билан парвоздан вақтинчалик озод қилиниши учувчилар таркиби учун 45 кунгача, курсантлар учун 30 кунгача тушунилади. Учувчилар таркиби ва учувчилар экипажининг бошқа аъзолари, УТТ ҲТМ курсантлари ҳарбий хизматга вақтинчалик яроқсизлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби ҳақида”ги низомга мувофиқ қўшимча таътил берилишини назарда тутади. Ҳар йили кўрсатилган шахсларга ҳарбий санаторийларда тиббий реабилитация учун профилактик дам олиш мақсадида қўшимча 15 суткалик таътил берилади. Кўрсатилган муддат тугагач ТУКда тиббий кўрикдан қайта ўтказилади ва учувчилик ишига (учувчилик таълимига) яроқлилик ёки яроқсизлик ҳақидаги масала ҳал этилади.
Зарурат туғилганда касаллик сабабли таътил ёки парвоздан озод этилиши ТУКнинг хулосаси билан узайтирилиши мумкин, бироқ ҳар сафар 30 суткадан ошмаслиги зарур. Даволаш муассасалари, санаторийлар ва касаллиги туфайли таътилда узлуксиз бўлишнинг умумий муддати унинг учувчилик ишига, шунингдек ҳарбий хизматга яроқли ёки яроқсизлик тоифаси тўғрисидаги якуний хулосаси чиқарилгунга қадар 4 ойдан ошмаслиги керак. Зарурат туғилганда даволаниш ёки касаллиги туфайли таътил муддати 4 ойдан ортиқ давом этиш масаласи қонун ҳужжатларига мувофиқ тақдим қилинади.
Касаллиги туфайли таътил навбатдаги таътил билан алмаштирилиши тақиқланади. Ҳарбий қисм (муассаса), УТТ ҲТМ, ҳарбий тиббий муассасаларнинг шифокорлари учувчилар таркиби ва УТТ ҲТМ курсантларини 6 кунгача парвозлардан ёки хизмат вазифасидан тўлиқ озод қилинишлари тўғрисида хулоса чиқаришлари мумкин.
Озод қилиш муддатини янада узоқ вақтга тақдим қилиш зарурияти туғилганда, ушбу масала ТУК томонидан ҳал этилади.
Мавзуга оид
16:01 / 28.10.2024
Қибрайда бепул тиббий кўрик учун ўқитувчилардан пул олинаётгани айтилмоқда
23:06 / 09.10.2024
Turkish Airlines учувчиси парвоз вақтида вафот этди
11:28 / 22.07.2024
Никоҳланувчилар қандай тиббий кўриклардан ўтиши керак?
17:24 / 07.07.2024