2017 йилда АҚШда Ҳолливудда ишлаб чиқарилган филм оммага намойиш этилди. Филмда 1970-йилларда учувчилик касбини эгаллаб хусусий авиакомпанияларда турли самолётларни бошқарган шахснинг ҳаёти ҳикоя қилинади.

Бу шахс МРБ эътиборига тушиб қолади ва махфий хизматнинг талаби билан АҚШдан Кариб ҳавзасида жойлашган давлатлардаги турли исёнчилар ёки уларга қарши курашаётган ҳукуматлар учун қурол-яроғ таший бошлайди.

Бундан хабар топган колумбиялик наркокартеллар учувчи билан алоқа боғлаб, уни орқага қайтишда АҚШга гиёҳванд моддалар олиб кетишга кўндиришади.

Кейинроқ, МРБ ходимлари унинг кичик самолётига камера ўрнатади ва шу тариқа Кариб ҳавзасида жойлашган давлатлардаги турли объектлар тасвирларини олишади. Учувчи эса ортга қайтишда гиёҳванд моддалар ташишда давом этади.

Бу учувчининг номи Барри Сил эди. Охир-оқибат Барри АҚШда наркокартеллар вакиллари томонидан ўлдириб кетилади. У вафот этганда 46 ёшда бўлган.

Барри Сил МРБ назарига тушгунича бўлган вазият

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг катта сиёсат саҳнасига чиққан СССР аввалига Шарқий Европа давлатлари, сўнг Корея яримороли ярми, Хитой ва Кубада коммунистик тузум ўрнатишга муваффақ бўлади.

Ўша пайтларда мамлакатда миллионлаб инсонлар улкан бир “қамоқхонада” қийналиб яшарди. Совет фуқаролари бир нечта социалистик лагерга кирувчи давлатларни айтмаганда ҳеч қаерга чиқа олмасди.

СССР эса дунёга “совет фуқаролари бахтли ва фаровон ҳаёт кечирмоқда” деб тарғибот олиб борарди. Ана шу тарғиботлар туфайли Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги айрим давлатларда амалдаги тузумларга қарши қуролли қўзғолонлар содир бўлади.

Бундай давлатлар орасида Кариб ҳавзасида жойлашган бир қанча давлатлар ҳам бор эди. Уларда коммунистик тузум тарафдорлари бош кўтаргач СССР исёнчиларга озиқ-овқат ва қурол-яроғ етказиб бера бошлайди.

Ўша пайтда Куба коммунистик тузум йўлини танлаб, АҚШнинг “бошини оғритиб турганда” америкаликлар ўзларига яқин бўлган ҳудуд – Кариб ҳавзасида бошқа коммунистик тузумга эга давлатни кўришни хоҳламасди.

Шу сабабли улар қайсидир давлатда коммунистик тузум тарафдорлари бош кўтарган бўлса, амалдаги ҳукуматга, мабодо давлатни коммунистлар эгаллаб олган бўлса, уларга қарши курашаётган исёнчи гуруҳларга қурол-яроғ ва бошқа ёрдамларни кўрсата бошлайди.