Ўзбекистон | 08:43 / 30.10.2019
28421
10 дақиқада ўқилади

Тўра Боболов: «Раҳбар киши ўзини кўз-кўз қилмаслиги, зўраки «донишмандлик»дан холи бўлиши лозим»

Тўра Боболов/Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Тоштемир Турдиев ва Hurriyat мухбири Азимбек Самадов Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов билан мулоқот ўтказди. Унда бугунги кунда воҳада амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни ва келгусида рўёбга чиқариладиган ишлар, истиқболли лойиҳалар кўлами ҳақида сўз юритилди. Қуйида суҳбатдан қисқача парчалар келтирилади.

Сурхондарёдаги ўзгаришлар

«Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг ўзида вилоятимизга уч бор ташриф буюрдилар. Бу, албатта, мамлакатимиз раҳбарининг Сурхон элига бўлган чексиз меҳри, ҳурмати туфайлидир. Негаки, Юртбошимиз ҳар галги ташрифлари давомида вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёни билан танишиб, вилоят аҳли, фаоллари билан бўладиган учрашув, мулоқотларида шу элнинг нафақат бугуни, эртаси, балки узоқ тарихи билан ҳам қизиқадилар, бизни янада фаолликка, жонкуярликка даъват этадилар.

Президентимизнинг бутун мамлакатимиз халқига бўлгани каби Сурхон юртига алоҳида меҳр-муҳаббатлари жуда катта. Шу боисдан ҳам Юртбошимизнинг кейинги ташрифлари давомида ўтказган йиғилишида “Ҳар бир вазир, соҳа ҳамда тармоқлар раҳбарларига йил якунигача ва келаси йилда Сурхондарё учун нималар қилишини аниқ ёзиб, вилоят ҳокимлигига тақдимот қилиш бўйича” топшириқ бердилар. Ва яна вилоятимиз иқтисодиётининг бугунги ҳаётини чуқур таҳлил қилиб, уни ривожлантириш бўйича муҳим йўналишларни белгилаб бердилар. Жумладан, шу пайтгача режалаштирилган лойиҳаларни бажариш билан бирга, келгуси икки йилда умумий қиймати 13 триллион сўмликдан зиёд янги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилгани қайд этилди.

Насиб бўлса, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, 3-4 йил ичида Сурхондарёда таниб бўлмас даражада ўзгаришлар бўлади. Шуни айтишим керакки, бунга Сурхон халқининг танти ва меҳнаткаш эли асло шубҳа қилаётгани йўқ. Яна ғурур билан айтишимиз мумкин, бутун юртимизда, жумладан, бизнинг вилоятимизда ҳам сўнгги йилларда рўёбга чиқаётган янгиланиш ва ўзгаришлар бунинг яққол далили, исботи бўлмоқда. Афсуски, узоқ йиллар давомида Сурхондарё бироз эътибордан четда бўлиб қолган эди. Гарчи бу заминда ҳам жуда катта имкониятлар, салоҳият, энг муҳими, мард, танти ва меҳнаткаш одамлар яшаса-да, турли сабаблар рўкач қилиниб, йирик лойиҳаларнинг амалда татбиқ этилишига имконият яратилмаган. Айтайлик, уч йил аввалги ўтган даврда воҳада бирорта кўзга кўринарли саноат корхонаси бунёд этилмаган, шу боисдан, аҳолини иш билан таъминлаш масаласи ҳам оғир аҳволга келиб қолган эди».

Пахта терими

«Бу йилги мавсумга бошқачароқ ёндашяпмиз. Терим отрядлари ташкил қилинди. Уларни шакллантириш, аввало, фермерларнинг ўз зиммасига юклатилган. Яъни, аввало, фермер хўжалиги аъзолари, уларнинг меҳнатга лаёқатли, вояга етган яқинлари, кўнгилли теримчилар пахта йиғим-терими билан машғул.

Иккинчидан, маҳаллада вақтинча ишсиз бўлиб турган фуқароларни теримга жалб қилиш ҳам яхши самара беряпти. Бундан ташқари, йиғим-терим учун кунлик терим пулларининг берилиши иш суръатини оширяпти. Теримда фаол қатнашганлар моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириб бориляпти. Қишлоқ аҳлига пахта терими мавсумидан сўнг ғўзапояни тенг тақсимлаш тартибини ҳам жорий қилиш кўзда тутилган. Ҳозир ижтимоий соҳа ва бошқа барча бюджет ташкилотлари ходимлари пахта йиғим-теримида иштирок этаётгани йўқ. Энди мажбурий меҳнатсиз ҳам ҳосилни йиғиб олишга ўрганишимиз керак. Пахта бўлса, унга юқорида айтганимдек, пайдар-пай пули тўлаб турилса, халқнинг ўзи ҳосилни тўлиғича йиғиб олишига шубҳа йўқ. Чунки пахта харид нархи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Пахта териб одамлар яхшигина даромад қилишяпти. Шундай экан, ўз-ўзидан мажбурий меҳнатга ўрин қолмайди ҳам».

Йўллар масаласи

«Йўл масаласи Сурхондарёдаги энг оғриқли масалалардан биридир. М39 халқаро йўли Термиздан Деҳқонободгача халқаро стандартлар талаби бўйича мукаммал таъмирдан чиқарилди.

Ҳозир Бойсундан Сариосиёгача бўлган ички йўлни икки чизиқли қилиб, халқаро стандартлар даражасида таъмирлаш бўйича аниқ дастур тузилган. Бу ишга шу йилдан киришамиз, ишлар бошлаб юборилган.

М41 “Термиз — Душанбе” йўлининг Сариосиёгача бўлган қисмини капитал таъмирлаш ишларига келгуси йилнинг февраль ойидан киришилади. “Ўзавтойўл” давлат қўмитаси мутахассислари билан биргаликда ишлаяпмиз. Мана шу йўл тўрт чизиқли йўл қилиб кенгайтирилади. Яъни, бу нафақат вақт ва масофани қисқартириш, балки хавфсизликни таъминлаш учун Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шўрчи туманлари марказларини четлаб ўтадиган йўл бўлади».

Маънавият ҳақида

«Инсон ким бўлишидан қатъи назар, у биринчи навбатда инсон, одам бўлиши шарт. Чинакам раҳбар эса аввало маънавияти, тарбияси, билими, одоби, ахлоқи билан ҳурматга лойиқ бўлади.

Қолаверса, катта-кичик раҳбарлик бу — масъулият, ишонч. Биринчи навбатда халқимизнинг, Президентимизнинг ишончи. Бундай ишончга сазовор бўлган киши маънавиятни ўзининг бош шиори, мезони деб билмоғи ҳам фарз, ҳам қарздир. Мана, ўзингиз айтинг, давлатимиз раҳбари нега биринчи навбатда маънавиятга, маърифатга, китобхонлик масаласига, ўқитувчилар меҳнатига юксак эътибор, ғамхўрлик кўрсатмоқда. Чунки бу бежиз эмас. Маънавий даража бўлмаса, илму маърифатдан узоқ бўлинса, ҳамма ишлар бефойда, бари бекор.

Айтмоқчи бўлганим, маънавият она алласидан бошланиб, устоз ўгитларигача, ота ибрати-ю раҳбар салоҳиятигача сайқалланиб, шаклланиб боради. Раҳбарларда бу фазилат туғма хислатдай бўлиши керак. Албатта, раҳбар киши ўзини кўз-кўз қилмаслиги, зўраки “донишмандлик”дан холи бўлиши лозим. Маънавий дунёси баркамол, ишчан ва етук раҳбар халқ ичига яширинча ораламайди. Юзма-юз, очиқ мулоқотда бўлади. Бизда маънавияти бутун, ҳалол меҳнати туфайли номи эл аро қадрли бўлган раҳбарлар кўп. Уларнинг айримлари дунёдан ўтиб кетди, баъзилари эса ҳозир ҳам орамизда, эл ифтихори бўлиб ишлаб юришибди. Ҳаёт тарзи, раҳбарлик санъати ёш кадрлар учун ибрат мактаби бўлган маҳаллий раҳбарлар ҳақида ўйларканман, кўз олдимга Эшниёз Рустамов келади. У киши ғоят оғир-вазмин, чуқур мулоҳазали инсон эди. 1965 йилдан 1992 йилгача Шўрчи, Жарқўрғон ва Денов туманларига раҳбарлик қилди. Бу инсонда айрим раҳбарларда учраб турадиган бадхулқлик каби ёмон одатлар йўқ бўлган. Ҳар қандай ҳолатда ўзини шахсий манфаатлардан, майллардан тия олган. Шу кишининг кўп хислатларини атоқли давлат арбоби Шароф Рашидовнинг фазилатларига ўхшатишган. Шароф Рашидов Сурхондарёга келса, албатта, у киши билан учрашмасдан кетмас экан. Сурхон замини тарихдан маълумки, улуғ авлиёлар, алломалар юрти. Неча-неча Термизийлар қолдириб кетган улуғ маънавият сарчашмаларидан бугун нафақат юртимиз, балки бутун жумлаи жаҳон баҳраманд, десам хато бўлмаса керак.

Ғурур билан айтишим керак, Сурхон диёри Шукур Ҳолмирзаев, Тоғай Мурод, Нодир Норматов, Рўзи Чориев, Теша Сайдалиев, Шафоат Раҳматуллаев каби ижодкорларни етиштирди. Бугунги кунда эса Эркин Аъзам, Усмон Азим, Сирожиддин Саййид, Мирзо Кенжабек, Салим Ашур, Эш¬қобил Шукур ва бошқа иқтидорлар билан фахрлансак арзийди. Яна қанчалаб илм-фанда, санъат соҳасида катта ютуқларга эришган, эришаётган юртдошларимиз, умидли ёшлар ҳақида тўхталишим мумкин. Айтайлик, мамлакатимизда ёш авлодни жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар этиб тарбиялашга қаратилаётган эътибор хусусида ҳам алоҳида тўхталиш жоиз. Воҳамизда спортчилари халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, Ўзбекистон довруғини дунёга тараннум этмоқда.

Мисол учун, шу йил 9-21 сентябрь кунлари Россиянинг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатининг ўта оғир вазн бўйича чемпиони ҳамда чемпионатнинг энг яхши спортчиси, деб топилган сурхондарёлик моҳир чарм қўлқоп устаси Баҳодир Жалолов бутун халқимизнинг фахрига айланди.

Президентимиз вилоятимизга ташрифи чоғида Баҳодирнинг ютуқларини алоҳида эътироф этиб, бу муваффақиятлар ортида тинимсиз меҳнат ва катта матонат ётганлигини таъкидладилар. Бизни катта спортга қадам қўйган ҳар бир ўғил-қизнинг иқтидори, маҳоратини ўз вақтида қўллаб-қувватлашга, спорт билан мунтазам шуғулланиши учун етарли шароит ва имконият яратиб беришга даъват этдилар. Ва бу фаолиятимизнинг муҳим ва ажралмас қисми бўлиб қолади.

Сурхондарёда спортнинг барча турлари тизимли равишда ривожланиб бораётган бир пайтда энди ҳарбий хизматчилар, аҳоли ва ёшлар ўртасида от спортини ривожлантириш ва тарғиб қилишга, улар ўртасида ушбу спорт тури бўйича турли мусобақаларни ташкил этиб боришни мақсад қилганмиз. Вилоятдаги ҳарбий қисмлардан бирининг негизида кўп тармоқли от спорти мажмуасини ташкил қилиш ҳам режалаштирилган.

Хабарларингиз бор, Президентимиз воҳамизга ташрифи чоғида Денов туманидаги ҳарбий қисмда бўлиб, Ватанимиз ҳимоячилари билан мулоқот қилди. Уларнинг маънавиятини, жанговар шайлигини ошириш бўйича тегишли топшириқлар бердилар.

Шунга мувофиқ ҳозирда ҳарбийлар қисмларини учқур ва наслли отлар билан таъминлаб, аскарларни от минишга ўргатиш, воҳанинг қадимий мусиқа асбоби — дўмбира чертишга кўникмасини шакллантириш, мардлик, жасорат, садоқат ва вафо каби буюк қадриятлар улуғланган “Алпомиш” сингари ноёб достонлар мутолаасини йўлга қўйишга эътибор кучайтирилади.

Албатта, Президентимиз томонидан илгари сурилаётган улуғвор ғоялар, ташаббус ва вазифалар ижросини беками-кўст адо этиш, бу нафақат иқтисодиётда, балки илм-у фан, спорт, адабиётда, мухтасар айтганда, маънавият ва маърифат соҳасида буюк боболаримиз сингари улуғ ишларга қодир эканлигимизни амалда намоён этишимизга шубҳа йўқ».

Мавзуга оид