Туман бандликка кўмаклашиш марказларига 345 минг нафар аёл мурожаат қилган – Меҳнат вазири
2019 йилнинг 9 ойи давомида 145 минг нафар аёл доимий ҳақ берувчи ишларга жойлаштирилди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусановга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.
«[2019 йилнинг] 9 ойи давомида туман бандликка кўмаклашиш марказларига 597 минг нафар фуқаро мурожаат қилган бўлса, шундан 345 минг нафари – аёллар. Шундан 145 минг нафарини бугунги кунда доимий иш ҳақи берувчи ишларга жойлаштирдик. Қолган қисми ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда вақтинчалик жамоат ишларига жалб қилинди», – деди Ҳусанов Сенат қўмитаси мажлисида.
Вазир хорижда ишлаётган ўзбекистонликларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш бўйича қилинган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.
«Шу кунгача хорижда оғир молиявий аҳволга тушиб қолган, Россия Ички ишлар вазирлигининг фуқароларни вақтинчалик сақлаш марказларида бўлган 2000 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси хориждан ватанга қайтариб олиб келинди.
Меҳнат миграцияси вақтида соғлиги ёмонлашиб, вафот этган 178 нафар фуқаронинг жасадлари Ўзбекистонга олиб келинди. Тиббий ёрдам керак бўлган 60 нафар фуқарога хизматлар кўрсатилди», – дея сенаторларга ҳисоб берди Нозим Ҳусанов.
Мажлис давомида сенатор Шоҳида Арипова: «Туман-шаҳар меҳнат инспекторлари сонини ошириш режалаштирилганми, бу камчиликларни ҳатто хорижлик экспертлар ҳам эътироф этишган эди?» дея савол берди.
«Халқаро Меҳнат Ташкилотининг нормаларига қарайдиган бўлсак, иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбатан ҳар 20 мингга биттадан инспектор тўғри келиши керак. Шундан келиб чиқсак, республикамизда 890 нафар инспекция ходими бўлиши керак.
Ҳозирги кунда бизда 200 нафар инспекция ходими мавжуд. Ўзингиз тушунасиз, буларнинг ҳаммаси бюджет харажатларига бориб тақалади. Штатларни йилига 100тадан кўпайтириб боришни режа қилиб олганмиз», – дея жавоб берди Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири.
Мавзуга оид
07:50 / 02.11.2024
Бандлик вазирлиги ишсизлик даражаси камайганини маълум қилди
07:50 / 25.10.2024
Ўзини ўзи банд қилган таксичилар сони икки баравар ошди
18:44 / 08.08.2024
2024 йил якунигача 2,1 млн киши даромадли иш билан таъминланади — Беҳзод Мусаев
20:33 / 17.06.2024