Вазирлик Алишер Қодировнинг сўзларини ўз ходимларига нисбатан ҳақорат сифатида қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати «Миллий тикланиш» партияси раиси, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодировнинг ортиқча юклама билан ишлаётган тиббиёт ходимлари ва ўқитувчиларни коммунал ходимларига қиёслашини соҳа ходимларига нисбатан ҳақорат деб атади.
«Мамлакатимизда сув таъминоти ва канализация ҳамда иссиқлик таъминоти ишларига қаратилаётган юксак эътибор натижасида соҳада улкан ютуқлар қўлга киритилмоқда.
Коммуналчиларнинг саъй-харакати билан тасдиқланган мақсадли дастурлар доирасида коммунал соҳа объектлари фойдаланишга топширилмоқда.
Коммуналчилар (сув таъминоти ва канализация, иссиқлик таъминоти ходимлари) сабабли биз нафақат муҳандислик коммуникация объектларига балки қулай ва хавфсиз ичимлик ва иссиқлик сув таъминотига хам эга бўламиз. Ҳар бир муҳандислик коммуникация объектлари - кўп сонли коммуналчилар меҳнати маҳсули ҳисобланади.
Қайд этиш лозимки, коммунал хизматидаги ходимнинг «Шаъни», «қадр-қиммати», «ишчанлик обрўси» тушунчалари аслида шахснинг маънавий мақомини, унинг ўзига берадиган баҳосини ва жамиятдаги ўрнини белгиловчи қадриятларга мос тушади. Ишчанлик обрўси фуқарони ходим сифатида тавсифлайди, унинг меҳнат бозорида талаб қилинадиган касбий сифатларига баҳо беради.
Шу ўринда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари ҳурматли Алишер Қодировнинг «Тиббиёт ходимлари ва ўқитувчилар коммунал ходимларга ўхшаб қоляпти. Улар оддийгина коммунал хизматчиларга ўхшаб қолган» дея таъкидлаган жумлалари замирида нималар демоқчи бўлгани бизга номаълум.
Агарда бошқа соҳа вакиллари, яъни ўқитувчи ёки шифокорлар ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашса, шифокорлар ўзига юклатилган вазифасини уйма-уй юриб бажарса, буларнинг барчасини коммуналчига қиёслаш, бугунги кунда коммунал соҳасида фаолият юритаётган 32 мингдан ортиқ ходимларга нисбатан паст назар билан қараш ҳақорат саналмасмикин?
Сўз эркинлигини кўндаланг қўйиб коммунал соҳа ходимларининг ишчанлик обрўсини назарга илмаслик, жамоатчиликда ёки аҳоли ўртасида нотўғри фикр тарқалашига сабаб бўлади. Бу каби шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотлар соҳа вакилларини камситиш ҳисобланади.
Халқимизда шундай нақл бор «Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир», деган. Айрим мансабдор шахслар жамоатчилик олдида сўзга чиқиб ҳар қандай соҳа вакилларига нотўғри назар билан қарашлари, уларни шаънини топташ орқали ўзларининг ишчанлик фаолиятини кўрсатмоқчидек бўлишади. Аммо танганинг иккинчи тарафи ҳам бор, камчиликни топиш осон, лекин ана шу соҳани ривожлантиришга ёрдам бериш орқали юрт равнақи учун ўз ҳиссасини қўшиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди», дейилади вазирлик муносабатида.
Эслатма: Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-модда биринчи қисмига асосан фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли. Демакки, мазкур модданинг тузилиши жабрланувчига ушбу Кодекснинг 1022-моддасига мувофиқ диффамация туфайли етказилган маънавий зарарни қоплашни талаб этиш ҳуқуқини беради.
Мавзуга оид
18:21 / 11.11.2024
Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботини тақиқловчи қонун ишлаб чиқилишини маълум қилди
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
16:23 / 29.08.2024
“Болалар 7-синфдан кейин қобилиятидан келиб чиқиб ўқитилиши керак” – Алишер Қодиров
11:37 / 13.07.2024