Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Буйрак етишмовчилиги билан касалланган беморларнинг муаммолари қачон ҳал этилади? Ҳукумат вакиллари жавоб берди
31 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида давлат дастурининг 2019 йил III чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботи тингланди.
Мажлисда депутат Абдурашид Абдуқодиров Ўзбекистон фуқаролари нефрология ва гемодиализ муолажасини олишда муаммоларга учраётгани, жумладан, буйрак етишмовчилиги билан касалланган беморлар ана шундай муолажани олиш учун узоқ йиллар навбатда туриб қолаётганини таъкидлаб, ҳукуматдан мазкур масала юзасидан изоҳ сўради.
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов олиб борилаётган ислоҳотларга қарамасдан ҳали тиббиёт соҳасида муаммолар кўплигини тан олди. Унинг айтишича, Ўзбекистон президентининг 2018 йил 7 декабрдаги фармони билан тасдиқланган 2019–2025-йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида кўзда тутилган йўналишлар ичида нефрология ва гемодиализ масаласи ҳам бор.
«Ўзбекистон президентининг 2018 йил 12 июлдаги қарори билан Республика нефрология, гемодиализ ва трансплантология маркази ташкил этилди. Бу ерда қурилиш ишлари олиб бориляпти ва Кувайт араб иқтисодий ривожланиш жамғармасидан олинган кредитлар ҳисобидан Республика нефрология, гемодиализ ва трансплантология маркази ва ҳудудлардаги бошқа тиббиёт муассасалари мана шу йўналишдаги жиҳозлар билан таъминланмоқда. Тиббий жиҳозлар шу йилдан келишни бошлаган бўлиб, 2020 йилнинг августигача республика бўйича таъминот тўлиқ якунланади», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Соғлиқни сақлаш вазири мана шу йўналишдаги беморларга ёрдам бериш учун республикада трансплантология масаласи йўлга қўйилганига икки йил бўлганини, трансплантация қилинган беморлар бюджет ҳисобидан зарур дорилар, иммуносупрессорлар билан тўла таъминланганини таъкидлади. Алишер Шодмоновнинг ишонтиришича, мазкур йўналишдаги беморлар эътиборда, бу борада ишлар олиб бориляпти, муаммолар кетма-кетлик билан ҳал қилинмоқда.
Молия вазири ўринбосари Шоҳрух Шораҳметов ҳам мавзу юзасидан ўз фикрларини билдирди.
«Чиндан ҳам нефрология ва гемодиализ муолажаси билан боғлиқ қийинчиликлар бўляпти. Жорий йилда «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги қонун қабул қилинганидан кейин 10 миллион долларлик янги лойиҳа бошлаб юбордик. Жорий йилнинг декабрида шу лойиҳа амалга оширилиши керак. Лойиҳа доирасида жалб этиладиган инвестиция ҳисобидан Ўзбекистонда 3та замонавий диализ марказларини қурмоқчимиз. Марказлар Қорақалпоғистон, Хоразм ва Тошкентда ташкил этилади. Бу ерда беморларга кафолатланган сифатли тиббий хизмат кўрсатилади. Бу ҳам, мана, бюджет маблағларини ишлатмасдан, инвесторларнинг маблағи ҳисобига амалга оширилмоқда», дейди Шоҳрух Шораҳметов.
Мавзуга оид
19:43 / 09.01.2024
Алишер Шодмонов узоқ муддатли таътилга чиқди
10:26 / 12.08.2023
Алишер Шодмонов вазирнинг биринчи ўринбосари бўлиб қайтди
17:30 / 05.07.2022
“Қорақалпоғистоннинг тақдири – бу Ўзбекистоннинг тақдири” — Алишер Шодмонов
09:58 / 30.03.2021