Жаҳон | 20:15 / 01.11.2019
7941
2 дақиқада ўқилади

Деҳли ҳаво кучли ифлослангани сабабли «газ камераси»га қиёсланди

Фото: Reuters

Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри маъмурияти ҳаво кучли ифлослангани сабабли 5 ноябргача барча мактаблар ёпилишини эълон қилди. Бу ҳақда The Hindu нашри хабар берди. 

Шаҳар маъмурияти раҳбари Арвинд Кажривал Ҳиндистон пойтахти айни вақтда “газ камераси”ни эслатишини таъкидлаб ўтган. Шаҳар мактабларида 5 млн.га яқин ниқоб тарқатилади.

Шаҳар раҳбари ёшларни шаҳарда чиқиндилар ёқилмаслиги ортидан кузатишга чақирди, агар танбеҳлар кор қилмаса, махсус хизматга қўнғироқ қилиб, воқеа ҳақида хабар қилишни тавсия қилди.

Ҳиндистон пойтахтидаги ўзи шундоқ ҳам ифлос ҳавонинг кескин ёмонлашишига мавсум охирида экинзорларнинг ёқилиши асосий сабаб ҳисобланади. Қўшни Харяна ва Панжоб штатларидаги минглаб фермерлар ерни кейинги экин экишга тайёрлаш учун экинзорларни ёқадилар.

Шунингдек, ҳаво ифлосланишига октябрнинг охирги саналарида нишонланадиган Дивали миллий байрами ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Байрам тантаналари вақтида бутун Ҳиндистон бўйлаб олов фестиваллари ўтказилади, петардалар ва мушаклар отилади, шамлар ва фонуслар ёқилади.

Бундан ташқари, экологияга қурилиш чанги, автотранспортнинг чиқинди газлари, саноат чиқиндилари таъсир қилади. Бироқ асосий муаммо экинзорларнинг ёқилиши бўлиб қолмоқда.

Таъкидланишича, Деҳлида зарарли зарралар PM 2,5 кўрсаткичи куб метрга 533 микрограммга етган. Ваҳоланки, саломатлик учун зарарсиз миқдор 25 микрограммгачани ташкил қилади.

Мавзуга оид