Ўзбекистон | 19:38 / 01.11.2019
4998
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ли Кэцянни қабул қилди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга расмий ташриф билан, шунингдек, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг 18-мажлисида иштирок этиш учун келган Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Кэцянни қабул қилди.

Давлатимиз раҳбари меҳмонни самимий қутлаб, Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги дўстлик ва ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётганига катта мамнуният билдирди.

Ли Кэцян, ўз навбатида, Ўзбекистон Президентига илиқ меҳмондўстлик учун самимий миннатдорлик билдирди ҳамда ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Учрашувда икки давлат раҳбарларининг самарали музокаралари конструктив сиёсий мулоқотни кенгайтириш ва барча соҳаларда кўп қиррали амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратгани алоҳида таъкидланди.

Олий даражада эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни сўзсиз амалга ошириш, икки томонлама савдонинг жадал ўсишини таъминлаш, шунингдек, инфратузилмани ривожлантириш, энергетика, саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, ахборот-телекоммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда устувор лойиҳаларни биргаликда илгари суриш зарурлиги қайд этилди. 

Маданий-гуманитар йўналишда, аввало фан, таълим, инновациялар ва туризм йўналишларидаги  алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, иқтисодиёт, инвестициялар ва транспорт коммуникациялари соҳаларида ташкилотга аъзо барча давлатлар учун манфаатли бўлган йирик лойиҳаларни амалга ошириш долзарб экани таъкидланди.

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

ХХР Давлат кенгаши Бош вазири Хитой мамлакатларимиз ва халқларимиз манфаатлари йўлида кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашишга тайёр эканини тасдиқлади.

Мавзуга оид