Ўзбекистон | 20:00 / 01.11.2019
29954
3 дақиқада ўқилади

Йўналишсиз таксиларни ягона рангга бўяш талабидан воз кечилиши мумкин

Йўналишсиз таксилар учун белгиланган қатъий ранг бекор қилиниши кутилмоқда.

«Енгил автомобилларда йўловчиларни ташиш соҳасида кутилаётган янгиликлар» мавзусидаги брифингда Тошкент шаҳар Транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраев томонидан маълум қилинишича, енгил автомобилларда йўловчиларни ташишни тўлиқ қонунийлаштириш мақсадида йўналишсиз такси фаолияти учун қўйиладиган талабларни соддалаштириш режалаштирилган.

Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди.

«Мазкур қарор лойиҳасига асосан, йўналишсиз таксилар учун белгиланган қатъий рангнинг (Тошкент шаҳри учун фил суяги ранги, вилоятлар учун сариқ ранг) бекор қилиниши, ижара шартномаларини нотариал тасдиқлашнинг ўрнига давлат солиқ қўмитасидан рўйхатда ўтиш кўзда тутилмоқда. Бу соҳадаги юридик шахсларни давлат божи тўловидан озод қилади. Шу билан бирга, такси хизматини буюртма қилишдаги интерактив хизматларни қонунийлаштириш кутилмоқда», дейди Анвар Жўраев.

Дастлаб йўналишсиз таксилар фаолияти Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган низомга асосан тартибга солинган бўлиб, унга кўра, йўналишсиз таксиларда тўлов терминал, ҳисоблагич таксометр, радиоалоқа воситалари, касса аппарати ўрнатилиши, автомобил ягона рангга бўялиши талаб этилар эди. Бу эса такси фаолияти учун лицензия олмоқчи бўлган юридик шахсдан ҳар битта автомобил учун 2,5-3 млн сўм харажатни талаб этган.

Мазкур фаолият учун енгиллик яратиш мақсадида жорий йилнинг апрелидан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги ижара шартномаларини тасдиқлаш учун давлат божи миқдори икки бараварга камайтирилди. Шу билан бирга, 1 июлдан йўналишсиз такси учун талаб этиладиган тўлов терминаллари, ҳисоблагич таксометр ва радиоалоқа воситаларининг ўрнини босувчи махсус иловали қурилмалар (смартфон, планшет)дан фойдаланишга рухсат берилди.

«Ушбу тадбирлар натижасида қонуний асосда такси фаолиятига йўналтирилган автотранспорт воситалари ортди. Хусусан, 2019 йилнинг 1 июль ҳолатида Тошкент шаҳри бўйича 6837та лицензияланган транспорт воситаси қайд этилиб, ҳозирда бу кўрсаткич 8363тани ташкил этади.

Аммо, шунга қарамай, лицензиясиз такси фаолиятига тўла барҳам берилгани йўқ. Ноқонуний фаолият давом этмоқда. Бунинг асосий сабаби эса лицензия талаблари юқорилиги билан боғлиқ. Шу боис, янги қарор билан бу талабларни янада соддалаштириш, лицензияланган фаолиятни қўллаб-қувватлаш кўзланмоқда», дейилади брифинг ахборотида. 

Мавзуга оид