2017 йилда “Ўзбектелеком” АК собиқ бош директори Шуҳрат Қодиров Ўзбекистонда “мобил қуллик” деб аталувчи ҳолат ўша йил охиригача бекор қилиниши мумкинлигини айтган эди.
“Мобил қуллик”нинг бекор қилиниши – Ўзбекистоннинг исталган уяли алоқа компанияси абоненти ўзининг телефон рақамини сақлаб қолган ҳолда бошқа компанияни ўзгартириши мумкин бўлишини англатади.
Ўша пайтда Қодиров охирги 3-4 ой давомида бу мавзунинг “Ўзбектелеком” ва асосий мобил компаниялар даражасида муҳокама қилиниши фаоллашганини маълум қилганди.
Яна йилларга чўзилган тартиб
Шундан кейин, президентнинг 2018 йил 14 майдаги қарори 5-бандида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 2018 йил якунига қадар мобил алоқа тармоғи абоненти бошқа мобил алоқа тармоғига ўтганда телефон рақамини сақлаб қолиш тартибини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш вазифаси юклатилган эди.
Бу топшириқ 2018 йил якунида эмас, орадан салкам 2 йил ўтиб бажарилди. Адлия вазирлигида 2020 йил 30 июн куни рўйхатга олинган ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 октябрдан эътиборан, масалан UzMobile абоненти телефон рақамини ўзгаришларсиз айнан шу кўринишда (коди билан бирга) Beeline абоненти сифатида расмийлаштириши мумкин бўлди.
Яна мавҳумлик…
2020 йилда 1 октябрдан бошлаб абонентлар бошқа уяли алоқа компаниясини танлаганда ҳам телефон рақамини сақлаб қолиши мумкин бўлиши ҳақида хабарлар тарқалгач, Kun.uz бу масалада АКТ вазирининг матбуот котиби Шерзод Аҳмадов билан боғланганди.
Аҳмадов ўша пайтда 1 октябрдан мобил телефон рақамини сақлаган бошқа компанияга ўтиш мумкинлиги ҳақиқатдан йироқ эканини айтган, лекин бундай имконият “яқин келажакда пайдо бўлиши кутилаётгани”ни билдирганди.















