Kun.uz’га Сурхондарё вилояти Ангор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Эркин Гаппаров томонидан мурожаат йўлланди. Аризада у муқаддам «Охунбобоев» маҳалла фуқаролар йиғинининг масъул котиби лавозимида ишлагани, ноҳақ ишдан бўшатилиб, судга мурожаат қилишга мажбур бўлгани, Ангор тумани ҳокимлиги судларда ютқазгани, аммо қарор ижроси бажарилмаётганини билдирган.
Гаппаров ноқонуний ишдан бўшатилганини важ қилиб фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига мурожаат қилган. Суд 2019 йилнинг 20 август кунидаги ҳал қилув қарори билан унинг даъвосини қаноатлантирган. Туман ҳокими фармойишининг унга тегишли қисми бекор қилинган. Қарорда ишга тиклаш дарҳол ижрога қаратилиши, ҳокимлик ҳисобидан Гаппаров фойдасига мажбурий бекор юрган 3 ой вақти учун иш ҳақи ва масъул котибнинг ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда маънавий зарар ундирилиши кўрсатиб ўтилган.
Ҳокимлик норози бўлган ва қарор устидан Сурхондарё вилоят судига апелляция шикояти киритган. Асос сифатида «Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқейини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига асосан барча ходимлар эгаллаб турган вазифаларидан озод қилингани, «Охунбобоев» МФЙ йиғини Гаппаров билан меҳнат шартномаси тузмагани, унга майда безорилик қилгани сабаб 15 сутка қамоқ жазоси берилгани, моддий ҳуқуқ нормаларини бузгани кўрсатиб ўтилган.
«Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасига кўра, фуқаролар йиғинининг масъул котиби фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) тақдимига кўра фуқаролар йиғини томонидан тасдиқланади. Масъул котиб билан фуқаролар йиғини номидан меҳнат шартномаси тузиш ва бекор қилиш ваколати фуқаролар йиғини раисига берилган.
Судга тақдим қилинган ҳужжатларга кўра, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гаппаровни ишдан бўшатиш ҳақидаги аризаси олмаган ва уни ишдан бўшатиш ҳақида буйруқ чиқармаган.
Туман ҳокими У.Турапов номига ёзилган аризада эса Гаппаров ваколати бўлмаган ҳокимдан 1 июнь санасидан бошлаб ишдан бўшатилишини сўраган. Туман ҳокими эса 30 май кунидан (1 кун аввал) ишдан бўшатиш ҳақида фармойиш чиқарган. 28 майда Гаппаровга майда безорилиги сабаб 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган бўлган.
«Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонун, меҳнат кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни асос қилиб биринчи инстанция суди асосли хулосага келган.
Сурхондарё вилоят суди ҳам ишни кўриб чиқиб, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорини тўлдириш йўли билан ўзгаришсиз қолдиради. Ажримда ҳокимликдан Гаппаровга мажбурий бекор юрган вақти учун (солиқ ва бошқа чегирмаларни ушлаб қолган ҳолда ҳисоблаб) 4 705 540 сўм иш ҳақи ва 1 102 861 сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.







