Бир неча йилдан бери «инновацион ечим», «инновацион ғоя», «инновацион таклиф» ибораларини бот-бот эшитяпмиз. Бир қарашда барча жабҳаларда ўзгаришлар, янгиликлар қилинётган экан, деб ўйлаш мумкин. Тўғри, ишлаш услуби, ёндашув олдингидай эмас, жамият ҳаётидаги ижобий силжишлар бунинг исботи бўла олади. Аммо бир саволни ўртага қўймасак бўлмас: инновация деганда фақат ички имкониятлар асосида янгиланишни тушуниш керакми ёки...? Инновация деймиз-у, уни амалга оширадиган кадрлар етарлимикин? Мутахассис танқислиги ҳамма жойда оғриқли нуқта экани ҳеч кимга сир эмас. Афсуски, шундай вазиятда ҳам хориждан қайтмоқчи бўлган «олтинбош»ни бюрократизм ботқоғига ботириш қанчалик тўғри?

Мана бу мақолада хорижда олинган илмий даражаларни тан олишдаги ортиқча маъмурий тўсиқлар ҳақида фикрлар билдирилган эди. Унда экспертлар «Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисида»ги Низом анча эскиргани ва талабга жавоб бермаслиги ҳақида ўз мулоҳазаларини билдиришган. Олий аттестация комиссияси экспертларнинг асосли эътирозларини ҳисобга олиб, янги низом лойиҳасини ишлаб чиқиб, муҳокамалар порталига жойлаштирди. Унинг мазмунига эътибор берилса, хорижда олинган илмий даражаларни тан олишдаги маъмурий тўсиқлар камаймаган, аксинча кўпайганига гувоҳ бўласиз. Бундай мантиқсиз «юриш»дан бирор мақсад борми? Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Бахшилло Хўжаев ва Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири Отабек Нарзиев янги низом лойиҳасидаги камчиликлар, тизимдаги маъмурий тўсиқлар қандай салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкинлигига муносабат билдиришди.

«Аксарият олимларимиз ҳалиям истеъмолчилик кайфиятида юрибди»

Низом лойиҳасидаги камчиликларни гапиришдан аввал хориждан кадрларни жалб қилиш, хорижда олинган илмий даражаларни тан олиш Ўзбекистон учун қанчалик зарурлигини тушунтиришдан бошлаш маъқул.

Ҳозир орамиздаги айрим олимларда истеъмолчилик кайфияти ҳалиям сақланиб турибди, яъни ярим тайёр маҳсулот устида ишлайди, янгилик яратмайди, чет эл технологиясини шу ерда амалиётга татбиқ этади. Афсуски, инноваторлик муҳитини шакллантириш қийинчилик билан кечяпти. Агар олимларда инноваторлик кайфияти уйғонса, бу жамият ҳаётини фаровонлаштиришга хизмат қилади. Халқаро ташкилотлар мамлакатларни ривожланган ёки ривожланаётган, деган тоифаларга эмас, балки истеъмолчи, ишлаб чиқарувчи, хизмат кўрсатувчи жамиятларга ажратишяпти. Биз сўнгги икки босқичга ўтолмаяпмиз. Япония, Сингапур, Корея давлатларида аллақачон хизмат кўрсатувчи қатлам вужудга келган. Улар бунга қай тариқа эришди? Албатта, илмий салоҳиятни юқори босқичга кўтаришдан. Миллий миқёсда олиб қараганда эса бизда ислоҳотларга жавоб бероладиган кадрларни етиштиришда ички имкониятлар етишмайди. Хорижда таҳсил олган «янги нафаслар»га муҳтожмиз. Уларнинг тажрибаси, билими бугун ҳар қачонгидан кўра кўпроқ керак.