Жамият | 14:06 / 09.11.2019
5768
2 дақиқада ўқилади

Танқидий мақолага муносабат: Избоскан тумани «Беш-Терак» маҳалласига янги трансформатор ўрнатилди

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Kun.uz сайтида “Беш-Теракка – трансформатор керак!”: Избоскан туманидаги маҳалла муаммоси ҳақида” сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинганди.  

Мақолада Андижон вилоят Избоскан тумани “Беш-Терак” маҳалласида мавжуд электр энергияси таъминотидаги камчиликлар танқид қилинган бўлиб, маҳаллада ток кучининг озлиги оқибатида аҳоли хира чироқда ўтиргани ва маиший техника жиҳозларидан фойдалана олмаётгани ёритилган. “Беш-терак” аҳолиси ҳудуддаги электр соҳаси мутасаддиларидан трансформатор ўрнатиб беришларини сўраган бўлса-да, мурожаатлари ижобий ҳал бўлмаётгани ҳақида арз қилишган.

Ушбу мақола бўйича Андижон “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан жавоб олдик. Корхона “Беш-терак” маҳалласидаги муаммолар ҳал этилганлиги ҳақида маълумот берган.

Қайд этилишича, “Беш-Терак” маҳалласида яшовчи аҳолининг мурожаатига кўра электр энергияси қувватини ошириш мақсадида қуввати 160 кВА бўлган трансформатор ўрнатилди.

Шунингдек, маҳалла кўчаларидаги 1,5 км узунликда 0,4 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоғи реконструкция қилиниб, ҳудуддаги электр симларига тегиб турган дарахт шохлари тозаланган.

Билдирилишича, “Беш-Терак” маҳалласида электр таъминотидаги камчиликларни бартараф этиш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда.

Мавзуга оид